Мақола

1 104 26/07/2023

Тожикистоннинг “Азия-плюс” нашри Марказий Осиё мамлакатларидаги депутатларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилганидан кейин ўзбекистонлик депутатларнинг маоши муҳокама мавзусига айланди. Минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштирганда, ўзбек депутатларининг маоши сезиларли даражада паст бўлганлиги молиявий ҳисоботларнинг шаффофлиги ва маълумотларнинг махфийлиги ҳақида мунозараларга сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири ўтказган тадқиқотга кўра, ўзбекистонлик депутатлар ойига 16 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача маош олади, бу аввал хабар қилинган 4,4 миллион сўмдан сезиларли даражада кўп. Депутатлардан ўз даромадларини ошкор қилмаслик талаб этилади, бу эса жамоатчиликда шаффофлик ва очиқлик борасида қўшимча саволлар туғдиради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳар ой 10 миллион сўмдан пул ўтказиб туриладиган махсус банк карталари чиқарилгани маълум бўлди. Бу суммага қўшимча равишда уларга яна 7-8 миллион сўм маош тўланади. Демак, депутатларнинг умумий ойлик даромади 16 миллион сўмдан 18 миллион сўмгача экан.

Афсуски, депутатлар халқ вакили бўлишларига қарамай, маошлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни истамайди. Ана шундай депутатлардан бири маош бўйича маълумотларни ошкор этмаслик ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканини ва ҳатто оила аъзолари билан ҳам бу масала муҳокама қилинмаслигини айтган.

Қизиқ, нега депутатлар даромадлари тўғрисидаги маълумотларнинг жамоатчиликдан сир тутилади? Зеро, депутатлар халқ манфаатларини ҳимоя қилиб, бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва масъулият намунаси бўлиши керак эмасми?

Умуман олганда, ўзбекистонлик депутатларнинг маошига оид маълумотлар жамиятда кенг муҳокамага сабаб бўлди ва қонун чиқарувчи ҳокимият фаолияти шаффофлиги борасида саволлар туғдирди. Бу молиявий ҳисобот ва одамлар олдидаги ҳисобдорликка янада очиқ ва ошкора ёндашиш учун рағбат бўлиши мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация