Maqola

1 567 27/03/2022

Мигрантлар ўз ватанларида доимий иш ва муносиб иш ҳақи билан таъминланишига ишончлари комил эмас.

Россия-Украина можароси Россиядаги меҳнат муҳожирлари ва уларнинг мамлакатлари иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Бу мавзуда Asia-Plus Миграция бўйича мутахассис Анвар Бобоев билан суҳбат ўтказди.

Экспертнинг фикрича, Россия қуролли кучларининг Украина ҳудудида давом эттираётган махсус операцияси Тожикистон ва Марказий Осиё мамлакатларидаги меҳнат муҳожирлари аҳволи ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга сўзсиз салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Оилалар фаровонлиги ва ушбу давлатлар иқтисодиётини ривожлантириш учун меҳнат миграцияси муҳим ўрин тутади ва бу ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, Россия билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида асрлар давомида савдо-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб бораётган дўстона муносабатлар ўрнатилган. Улар орасида меҳнат миграцияси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мигрантларни қабул қилувчи ва жўнатувчи давлатлар учун ўзаро манфаатли ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш лозим», — дейди эксперт.

Маълумотларга кўра, 2021 йил Россия ҳудудида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган 7,8 миллион муҳожир рўйхатга олинган бўлиб, кириш сабабини “иш” деб кўрсатишган. Улардан 4,5 миллиондан ортиғи Ўзбекистондан, 2,4 миллионга яқини Тожикистондан ва қарийб 900 минг нафари Қирғизистондан келган мигрантлардир.

Танлов йўқ

Айрим экспертларнинг фикрича, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий тўқнашув тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан оммавий чиқиб кетиши мумкинлиги билан боғлиқ муаммони келтириб чиқаради. Аммо бу содир бўлмайди. Бунинг изоҳи ҳам бор, чунки Россияда иқтисодий вазият ёмонлашса, Тожикистонда бунданда мураккаброқ бўлади ва оилаларнинг молиявий аҳволи оғирлашади. Мигрантлар Тожикистонга қайтишдан кўра нисбатан кам маош билан ишлашни афзал кўришади.

Буни юртимиздаги меҳнат муҳожирлари яхши тушунади, улар уйга қайтгандан сўнг доимий иш ва муносиб иш ҳақи билан таъминланишига ишончлари комил эмас. Россияда ҳар йили 800 мингга яқин Тожикистон фуқароси меҳнат қилади ва бу кўрсаткич келгуси йилларда яна ўсиши мумкин.

Хоҳлаймизми, йўқми, Россия муҳожирлар – Тожикистон фуқаролари учун асосий меҳнат бозори бўлиб, дунёнинг ҳеч бир давлатида бир вақтнинг ўзида юз минглаб тожикистонлик меҳнат муҳожирларини қабул қилиш ва ишга жойлаштириш имконияти йўқ. Бундай вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатнинг ваколатли давлат органлари учун янги меҳнат бозорларини ўрганиш билан бирга россиялик ҳамкасблари билан миграция соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

2021 йил ҳолатига кўра Тожикистонда ўртача иш ҳақи 1812 сомоний (138 доллар), Россияда эса 54687 рубл (393 доллар) бўлганини эътиборга олсак, Тожикистон аҳолисининг катта қисми озиқ-овқат билан боғлиқ ўта оғир аҳволда эканлиги аён бўлади.

Бундай ҳолат, албатта, Тожикистон фуқароларининг ташқи меҳнат миграцияси ва чет элга кўчиб кетиши жараёнини янада кучайтиради ва бу республиканинг келажакдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya