Мақола

5 004 25/09/2016

Россиянинг йирик шаҳарларида “Нелегал-2016” тезкор-профилактика операциясининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда полиция чет эл фуқаролари яшайдиган жойлар, ташкилот ва корхоналар, бозор ва савдо майдонларида текширувлар ўтказиб, Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний яшаб келаётган хорижлик муҳожирлар, уларга иш ва яшаш жойи тақдим этаётган РФ фуқароларига нисбатан чоралар қўлламоқда.

Жумладан, Москва шаҳрининг Митино, Покровское-Стрешнево ва Хорошево-Мневники туманларида ўтказилган “Нелегал-2016” тезкор-профилактика операцияси доирасида ноқонуний миграция ташкилотчилари қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари РФ ҳудудида ноқонуний яшаб келаётган муҳожирларни ўз уйига тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ижарага берган уч Москва фуқароси аниқлади.

Набережные Челны шаҳрида 19 сентябрдан 7 октябргача давом этадиган «Нелегал» операцияси иккинчи босқичининг дастлабки кунидаёқ 14 нафар МДҲ фуқароси жавобгарликка тортилди. Уларнинг бири Ўзбекистон фуқароси бўлиб, миграцион ҳисобга турмаган ҳолда яшаб келаётгани учун жаримага тортилиб, Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилади.

Псков вилоятида ҳам 12 муҳожир, жумладан, бир ўзбекистонлик Россия миграция қонунчилигини бузгани сабабли суд қарорига биноан мамлакатдан чиқариб юбориладиган бўлди.

23 сентябрь куни Санкт-Петербургнинг Приморский туманидаги қурилиш майдонларидан бирида ўтказилган операцияда 150 муҳожир ҳужжатлари текширилиб, улардан беш нафарининг миграция қонунчилигини бузгани аниқланди. Муҳожирларнинг қайси давлатдан экани маълум қилинмаган.

Ҳурматли юртдошлар, сиздан Россия Федерацияси ҳудудида яшаш ва ишлаш учун зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириб, миграция қонунчилигига риоя этишингизни сўраймиз. Миграция қонунчилиги бўйича саволлар билан Россия бўйича ишлайдиган +7 926 834-76-02 алоқа рақамига мурожаат этишингиз мумкин.

“Нелегал-2016” операцияси кейинги ойда ҳам давом эттирилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация