Maqola

1 830 29/09/2023

Демографларнинг фикрига кўра, агар миграция оқими бўлмаса, аср охирига келиб Россия аҳолиси икки баробарга камаяди.

Дума депутати, «Справедливая Россия — За правду» партияси етакчиси Сергей Миронов мигрантлар билан боғлиқ жиноятлар кўпайгани, шунингдек, хорижликларнинг Россия фуқаролигини олиши номақбуллигини баҳона қилиб, Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этишга чақирган эди.

“Конвейер усулида паспорт тарқатишни тўхтатиш вақти келди. Кўпгина этник руслар йиллар давомида Россия фуқаролигини ололмайди, тилни билмаганлар эса бир неча ой ва ҳатто кунларда олади. Биз бутун миграция хизматини кенг кўламли текширишни бошлашимиз ва Россия фуқаролигини сотишни бизнес қилиб олганларни жавобгарликка тортишни талаб қиламиз”, — деганди Миронов.

Бу қанчалик тўғри?

Думанинг номинал мухолифатчилари учун бир хил  сиёсий майдонида қандайдир тарзда ажралиб туриши учун нисбатан хавфсиз мавзулар кам бўлганлиги сабабли, муҳожирлар ва янги россияликлар мавзуси кўтарилаверади. Яна биргаликда. Аллақачон пайдо бўлган кўпгина ташаббусларда яқинда Россия паспортини олганларнинг мавқеини иккинчи даражали фуқароларга тенглаштириш истаги уфуриб туради.

“Янги россияликлар”га паспорт берилиши билан ўша заҳоти ҳарбий рўйхатга қўйишда балки қандайдир қонунга мувофиқлик бўлиши мумкиндир. Бироқ фуқароликнинг дастлабки йилларида ҳатто болаларни ҳам муайян ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, уларга ўз оилаларини олиб келишни ҳам тақиқлаш мўлжалланган. Муҳожир болаларни мактабларга интеграция қилишга ҳаракатдан кўра,  уларнинг сонини чеклашга чақириқлар бўлди. Энди эса Сергей Миронов виза режимини таклиф қилмоқда. Бу фикр оригинал эмас, анча йиллардан бери бор.

Шу билан бирга, муҳожирлар ўртасида жиноятлар сонининг кўпайиши ҳақида гапирар экан, Дума партияси раҳбари, биринчидан, статистикага мурожаат қилишни истамайди, иккинчидан, у ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимларидек турли ёлғон-яшиқ афсоналарни гапиради. Аслида эса Россияда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган терговгача бўлган жиноятлар сони гарчи пандемиядан тикланиш даври – 2021 йилда  деярли 6 фоизга (36,4 минг) ўсган бўлса-да, сўнгги ўн йил ичида деярли 25 фоизга камайган (2011 йилдаги 44,9 мингдан 2020 йилда 34,4 гача).

Бундан ташқари, Бош прокуратура маълумотларига кўра, чет эл фуқаролари орасида жиноятчилар улуши 1000 кишига икки-уч кишини ташкил этади, россияликлар орасида эса тахминан олти киши. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 18 минг жиноят содир этилган бўлиб, бу умумий жиноятларнинг атиги 2,2 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, ёзда Россияда 6,6 миллион хорижлик яшаган. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 10 миллиондан ошган дейилади. Жиноятлар эса, асосан кичик жиноятлардан ташкил топган.

Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан виза сиёсатини жорий этиш чақириқлари нафақат ЕОИИ тамойилларига, балки ҳукуматнинг иқтисодий блоки сиёсатига, биринчи навбатда, муҳожирлар  оқимига энг кўп қарам бўлган қурилиш соҳаси манфаатларига зиддир. Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллиннинг сўзларига кўра, қурилиш соҳасида кадрлар етишмовчилиги ўн йиллик охирига келиб 400 минг кишига етиши мумкин. Ҳозир, унинг ҳисоб-китобларига кўра, саноатда 50 мингга яқин ишчи етишмайди. Аммо шуни айтиш керакки, уч йил олдин ҳукумат даражасида улар муҳожир ишчиларнинг қурилиш соҳасидаги улушини 80% гача чеклашга ҳаракат қилишган эди. Квоталар бўйича ҳеч қандай муваффақиятлар ҳақида ҳеч қандай  хабар берилмади.

Ниҳоят, охирги сўз. Ўтган йили 691 минг хорижликка Россия фуқаролиги берилди, уларнинг деярли ярми Украинадан. Бироқ, миграция оқими аҳолининг табиий камайишини қоплашга яқин ҳам келмади. Демографларнинг фикрига кўра, Россия аҳолисини 146 миллион кишида ушлаб туриш учун 80 йил давомида ҳар йили ўртача 390 минг муҳожир келиши лозим. Ёмонроқ вазиятда йилига 1,1 миллион киши талаб қилинади ва агар миграция оқими бутунлай тўхтатилса, 2100 йилга келиб аҳоли сони ҳозиргидан икки баравар кам – 67,4 миллион кишига тушиб кетади.

Бундай шароитда кўп сонли муҳожирларга нисбатан ўзбошимчалик, қонунсизлик  руҳидаги ҳар қандай мулоҳазалар,  албатта, ўз мевасини берадиган ксенофобияни рағбатлантиришдан бошқа нарса эмас.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya