Мақола

1 105 02/06/2023

Остона полицияси ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборди – бу уларнинг миграция қонунчилигини биринчи марта бузиши эмас, деб хабар беради Ички ишлар вазирлигининг Polisia.kz расмий медиа портали.

Полиция маълумотларига кўра, Остона шаҳри кўчалари ва жамоат жойларида тартибни сақлаш мақсадида тезкор-профилактика тадбири ўтказилган.

Тадбир натижасида пойтахт гарнизони ходимлари томонидан аввалроқ Қозоғистондан чиқариб юборилган 60 нафар чет эл фуқароси аниқланган.

Масалан, 2022 йилда Қозоғистондан чиқариб юборилган, бироқ мамлакатни тарк этмаган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

Унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан мамлакатдан мажбурий чиқариб юбориш учун 30 суткага қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари чет элликларга мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги суд қарорини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилишди.

Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг феврал ойида Олмаотада ҳам миграция қонунчилигини бузганларга нисбатан шундай чоралар кўрилган эди. Суд қарорларини эътиборсиз қолдириб Қозоғистонда қолган қоидабузарлар ҳам мажбуран чегарадан чиқариб юборилган.

Ўтган йилдан бери Экибастузда ноқонуний яшаб келаётган 72 ёшли россияликка ҳам Қозоғистонни тарк этиш учун вақт берилган. Энди у мажбуран чиқариб юборилди.

Жорий йил бошида Қозоғистон ҳукумати муҳожирларнинг мамлакатга кириши ва бўлиши қоидаларига хорижликларнинг Қозоғистон Республикасида бўлиш муддатини чекловчи ўзгартиришлар киритган эди.

Янги ўзгартиришларга кўра, агар чет эл фуқароси Қозоғистонга виза талаб қилмайдиган тартибда келган бўлса, у ҳолда Қозоғистон Республикаси чегарасини кесиб ўтганидан кейин 30 календар кун ўтиб республикани тарк этиши керак бўлади. Шу билан бирга, жами 180 календар кунлик ҳар бир даврда Қозоғистонда 90 календар куни бўлишига рухсат этилади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун бўлиш муддати Қозоғистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 90 календар кундан кейин тугайди. Шу билан бирга, улар Қозоғистон Республикасида ҳар 180 кунда 90 кун бўлишлари мумкин бўлади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация