Maqola

6 296 16/09/2016
odamsavdo
Одам савдоси қулликнинг замонавий шакли бўлиб, XXI асрнинг энг жиддий, глобал муаммоларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам мазкур трансмиллий жиноят бутун инсониятни ташвишга солмоқда.
Нега трансмиллий жиноят дейилади?
Трансмиллий жиноятлар дунё хавфсизлигига соя ташлаётган муам­молардан бири ҳисобланади. Қонунчилигимизда ушбу атамага ҳуқуқий таъриф берилмаган. Аммо халқаро ҳужжатлардаги таърифга кўра икки ва ундан ортиқ давлатнинг юрисдикциясига тааллуқли ва умумжиноий характерга эга бошқа жиноий фаолият трансмиллий жиноятдир. Содда қилиб айтганда, бундай жиноятлар бир давлатда содир этилса-да, унинг оқибатлари бошқа давлатларда намоён бўлиши мумкин. Ёки бир давлатда жиноий ҳаракатларга тайёргарлик кўрилиб, бошқа давлатда содир этилади. Битта давлатда амалга ошса-да, биттадан кўп давлатда жиноий ҳаракатлар олиб бораётган уюшган жиноий гуруҳлар томонидан бошқарилади. Юқорида келтирилган таърифдан англаш мумкинки, одам савдоси жинояти ҳам трансмиллий жиноятлар тоифасига киради.
Одам савдоси иқтисодий ривожланган давлатларга ҳам, сиёсий ва иқтисодий ўтиш даврини бошидан кечираётган давлатларга ҳам, урушлар ва қуролли можаролардан жабр чекаётган давлатларга ҳам хосдир. Афсуски, одам савдоси ва қуллик XXI асрда ҳам яшаяпти. Миллион­лаб инсонлар зўравонлик билан фоҳи­шабозликка, қулликка, тиланчиликка ва бошқа ишларга мажбурланмоқда. Одамлар муайян давлатнинг ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам эксплуатация қилинмоқда.
БМТ ва Халқаро миграция ташкилоти экспертларининг расмий маълумотларига кўра мазкур жиноятдан жабрланганлар сони бир неча миллионларни ташкил этмоқда. Дунё давлатларида одам савдоси ва қулликнинг турли хил кўринишларига қарши муттасил кураш олиб борилаётганига қарамай, ушбу трансмиллий жиноятнинг энг мудҳиш, янги кўринишлари, яъни одам (айниқса, болалар) тана аъзолари — трансплантлар билан савдо қилиш жинояти кучаймоқда.
Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили жаҳонда 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айла­нади. Ҳар йили 600-800 минг нафар­ аёл ва бола алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилади. Айниқса, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизини фоҳишаликка мажбурланаётган аёллар, арзон ишчи кучи сифатида баҳоланаётган ёш болалар­ ташкил этаётгани дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Ҳозирча бу жиноят тўридан ҳеч қайси мамлакат четда қолаётгани йўқ. Ҳатто Европа давлатлари ҳам одам савдосидан азият чекмоқда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотларнинг расмий маълумотларига кўра ҳар йили Јарб мамлакатларига 200-500 минг киши одам савдоси жинояти қурбони мақомида олиб кирилади. Уларнинг 60 фоизини аёллар, 40 фоизини эркаклар ташкил этиб, ҳар йили одам савдосидан олинадиган фойда 10-15 миллиард АҚШ долларигача етмоқда.
Одам савдосининг ­кўринишлари
Одам савдоси қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:
— жабрдийдаларни фоҳишабозликка жалб этиш;
— қуллик меҳнатидан фойдаланиш — меҳнат ёки турли хил хизматга мажбурлаш;
— трансплантация учун ички аъзолар ва тўқималарни олишда фойдаланиш;
— ноқонуний фарзандликка олиш ва бошқалар.
Кимлар кўпроқ ­жабрланади?
Жинси, ёши, миллати ва эътиқо­дидан қатъи назар, ҳар бир инсон одам савдосидан жабрланиши мумкин. Ҳеч ким бундан кафолатланма­ган. Аммо кўп ҳолларда ҳаёт даражаси юқори бўлмаган, ёш, ҳаёт тажрибаси кам, яхшини ёмондан ажратолмайдиган кишилар одам савдоси қурбонига айланадилар. Бундан ташқари, одамларнинг ушбу жиноятдан азият чекишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар ҳам бор­ки, қуйида шуларнинг айримлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз:
— асосий иш жойи, даромад, муайян касбга эга эмаслик, ишсизлик, кам таъминланганлик одам савдоси жабрдийдасига айланиш хавфини кучайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ишлаётган эркакларга қараганда, иш жойига эга аёлларнинг нисбати пастдир. Яшаш шароити яхши бўлмаган ёш хотин-қизлар одам савдоси жабрдийдасига айланадилар;
— жамиятда маънавиятнинг заиф­лашуви, хулқ-атворнинг инқирози. Яъни реклама, фильм ва клипларда вояга етмаганлар кўпинча ҳирсий объект сифатида намойиш этилмоқда. Бу бора-бора одамлар онгида­ ёш болалар билан ҳирсий алоқалар­ нормал ҳодиса, деган тушунчанинг шаклланишига олиб келади;
— гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, қиморбозлик ва ҳар хил ўйинларга ишқибозлик. Бу тоифадагилар, одатда, таъсирчан бўлишади ва осонгина одам савдоси жабрдийдасига айланишади;
— ёшлар ва ўсмирларнинг орзу-истаклари ва уларни амалга ошириш­ имкониятлари ўртасидаги зиддиятлар. ОАВ, реклама, фильм ва клипларда шоҳона ҳаёт кўп тарғиб қи­линмоқда, бу эса аксарият ёшлар наздида амалга ошмайдиган орзудир. Натижада улар нима қилиб бўлса ҳам пул топиш ва шундай ҳаётга эришиш орзусига берилишади;
— айрим гуруҳларнинг ижтимоий­ яккалангани. Кўпинча меҳрибонлик уйларида ва муҳит бузилган оилаларда вояга етган болалар одам сав­доси қурбонига айланишади. Чунки уларда зарур ижтимоий муҳит ва мададкорлар бўлмайди. Жиноят­чилар қийналиб юрганларнинг ишончига тезда кира олишади ва уларни ёллаб, қул қилиб сотишади;
— ёшлар ва ўсмирларнинг етарлича ахборот ва маълумотга эга эмаслиги. Ёш йигит-қизлар соддадил бўлиб, кўпинча кўтаринки руҳда юришади. Уларнинг аксарияти хориждаги ҳаёт кинолардагидай гўзал эмаслигини, бегона юртда турли хавф-хатарлар ҳам борлигини, тегишли рухсатнома ва шартномаларсиз ноқонуний ишлашга бориш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билишмайди.
Таъсирда ушлаш усуллари
Жиноятчиларнинг асосий мақсади одамларни мажбуран эксплуатация қилиш ва шу орқали мўмай даромад топишдан иборат. Улар ҳар қандай йўл билан «қул»ларини­ ўз таъсирларида ушлаб туришга уринишади. Яъни жабрдийдалари қаршилик кўрсатишини ёки қочиб кетишини исташмайди. Бунинг турли усуллари бўлиб, улар алоҳида ёки биргаликда қўлланади.
Қарзга ботириш. Масалан, одам савдоси жабрдийдасидан гўёки йўл, озиқ-овқат, турар-жой ва ҳоказо ха­ражатлари учун тўланган «қарз»ини­ қайтаришни талаб қилишади. Бечо­ра жабрдийда ишлагани сари «қарз» камаймайди, аксинча, кўпайиб бора­веради. Натижада у кучдан қолгани­да ҳам, касал бўлганида ҳам, ҳатто ўлгунича қаттиқ ишлатилади.
Яккалаб қўйиш ва ҳужжатларни­ тортиб олиш. Жиноятчилар шахсий­ ҳужжатларини олиб қўйиш билан одам савдоси жабрдийдасига ўз мамлакатига қайтиш ёки бошқа ерга кетиш имконини чеклаб қўйишади. Улар аввалдан «қул»ларининг онги­га ҳамма ерда одамлари борлигини, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам улар тарафидалигини, шикоят қилиш бефойдалигини сингдиришади. Шу­нинг учун ҳам жабрдийдалар кўп ҳолларда ўша давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилишдан қўрқишади.
Зўравонлик ва қўрқув. Жиноят­чилар ўз жабрдийдаларини итоатда­ сақлаш учун зўрлашади, калтаклашади, қийнашади, наркотик моддаларга ўргатишади, бошқалардан ажратиб қўйишади, қариндошлари ва юртдошлари олдида шарманда қилишади, ноқонуний юрганликда айблаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш билан қўрқитишади.­
Жабрдийдаларнинг қариндошларига зарар етказиш билан қўрқитиш. Жиноятчилар ўз жабрдийдаларининг оила аъзолари ҳақида тўлиқ ахборот йиғишади ва одамлар бўйсунмаса ёки қочиб кетса, яқинларига зарар етказиш билан қўрқитишади.
Жиноят қурбони бўлмаслик учун нима қилиш керак?
Одам савдоси жиноятининг қурбонига айланмасликнинг имкони борми? Бор, албатта. Мутахассислар амалиётдаги воқеалар, жабрдийдаларнинг кўрсатмалари асосида айрим тавсияларни ишлаб чиқишган. Улар қуйидагилардан иборат:
— тасодифий, таниш-нотаниш кимсаларнинг хорижда ишлаш, ўқиш ёки турмуш ўртоғи топиб, оила қуриш борасидаги шубҳали таклифларига чалғиманг. Ўз ҳужжатларингизни ҳеч кимга ишониб берманг;
— тез, осон ва кўп пул топишга оид таклифлар ҳақиқатдан йироқ, қонуний, ҳалол маош осон ва тез топилмайди, ва, албатта, беҳад катта бўлмайди. Реал фикрлаш керак;
— сизни чет элда ишлашга, ўқишга ёки оила қуришга таклиф қилаётган (иш берувчи, таълим берувчи, никоҳга ёрдамлашувчи, сайёҳлик) фирмаларнинг ва уларнинг воситачилари фаолияти қонуний эканига эътибор беринг. Интернет орқали уларнинг манзиллари ва у ҳақдаги маълумотларни топинг;
— шубҳали, нотаниш одамлардан­ қарз олманг. Борди-ю, қарз олганда­ ҳам, уни олиш ва қайтариш шартларини аввалдан келишиб олинг.
Агар сиз хорижда ишлаш ёки ўқишга кетаётган бўлсангиз:
— шартномани ташкилотнинг мамлакатингиздаги ваколатли идорасида имзоланг, чет элга боргандан кейин имзолаш таклифига рози бўлманг;
— чет элда ишлаш ёки ўқиш борасида фирма ёки агентликка мурожаат қилар экансиз, ташкилот тегишли фаолият учун ваколат ва лицензияга эга эканига, расман ишлаётганига ишонч ҳосил қилинг. Лицензиянинг асли (нусхаси эмас) идоранинг кўзга кўринадиган ерида­ туриши керак. Ўзбекистонда хориж­да меҳнат қилиш учун расман ишчи кучини жалб этадиган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг минтақавий бюроларидан бошқа ташкилот йўқ;
— шартноманинг она тилида, сиз тушунадиган тилда тузилган нусхаси бўлишига ҳаракат қилинг, унинг ҳамма тафсилотлари ва шартларини­ тушуниб олинг. Унда қуйидагилар бўлиши шарт: фирма ёки ташкилотнинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақамлари, иш берувчининг исми, номланиши, воситачи фирманинг манзиллари ва бошқа маълумотлари. Иккита шартнома имзоланиши керак: ишга жойлаштираётган фирма ва бошқа мамлакатда ишга қабул қилиш мажбуриятини олган иш берувчи билан;
— шартномани дарҳол имзоламанг. Уни ўзингиз билан олиб, хо­тиржам шароитда қайта ўқиб чиқинг ва тушунмаган жойларингизни биладиганларга, мутахассисларга кўрсатинг;
— бўлғуси ишингизнинг шарт-шароитлари, иш жойи, вақти, маоши­ миқдори аниқ белгиланган ва тиниқ ифодаланган бўлиши керак. Шунингдек, тиббий хизмат кўрсатиш­, яшаш ва овқатланиш шартларига ҳам диққат қилинг;
— агар шартнома шартлари сизни қониқтирмаса, уни имзоламанг;
— шартнома ташкилот раҳбари томонидан имзоланганига эътибор беринг. Агар шартнома раҳбар вазифасини бажарувчи, масалан, директор ўринбосари, вице-президенти­ ёки бошқа шахс томонидан имзолан­ган бўлса, сизга мазкур шахслар томонидан шартномани имзолашга ваколат берилганини (нотариал тарз­да, муҳр билан) тасдиқловчи директор ёки президент буйруғини, ишончномасини кўрсатишларини талаб қилинг;
— имзоланган шартноманинг (иложи бўлса, барча ҳужжатларнинг) нусхаларини олинг ва хориж­га кетиш олдидан яқинларингизда, қариндошларингизда қолдиринг;
— бошқа мамлакатда ишлаш учун меҳнат визасини олиш лозим, ноқонуний, сайёҳлик визаси билан ишлашга рози бўлманг;
— паспортингиз, йўл чипталарининг нусхаларини олинг ва уларни ҳужжатларнинг аслидан бошқа ерда сақланг. Оила аъзоларингизга, яқинларингизга чет элдаги ишлаш ва яшаш манзилларингиз ҳақида тўлиқ маълумот қолдиринг, чет элга олиб чиқувчи, иш берувчи фирма ёки ташкилотнинг манзили ва телефон рақамларини, раҳбарларининг исм-фамилиялари ва бошқа маълумотларини хабар қилинг. Сафар олдидан ўзингизнинг хавф остида қолганингиз ва мададга муҳтожлигингизни англатадиган сўз ёки иборани­ ўйлаб топинг ва оилангиздагиларга қолдиринг. Шундай қалтис ҳолатлар бўладики (ўғирлик, зўрлик билан ушлаб туриш сингари), оилангиз билан суҳбатингизни жиноятчилар назорат қилиб туради, шунда­ сиз ўша сўз ёки иборани айтганингизда, яқинларингиз сизнинг хавф остида эканингизни билиб олишади. Бу сўз ёки ибора жуда оддий ва жиноятчиларда шубҳа туғдирмайдиган бўлиши лозим;
— ваъда қилинаётган (жуда катта) маошнинг миқдори ва бажариладиган ишнинг ҳажмига эътибор беринг. Озгина ишга катта маош ваъда қилинган таклифларга ишонманг. Имкон қадар йўл, яшаш, овқатланиш харажатларини боргандан кейин узиш таклифларидан қочиш керак;
— қуйидаги тусдаги ва мазмундаги эълонлардан ўта эҳтиёт бўлинг: «Хотин-қизлар учун официантлик, раққосалик, идиш-товоқ ювувчилик, меҳмонхона ходимаси ва ҳоказо иш­лар бор. Касб малакаси шарт эмас. Йўл, суғурта, яшаш харажатлари иш берувчи томонидан тўланади. Катта маош…». Фақат қўл телефони рақами кўрсатилган, идоранинг манзили ва телефон рақамлари кўрсатилмаган эълонларга эҳтиёткорлик билан қаранг;
— ўзингиз бораётган давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консуллиги манзили ва телефон рақамларини аниқланг ва доимо ёдингизда тутинг.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш нафақат айни масалага мутасадди бўлган идораларнинг, балки ҳар биримизнинг вазифамиздир. Чунки қайсидир юртдошимизнинг бошига тушган ташвиш эртага бизнинг ҳам ташвишимизга айланмаслигига ким кафолат бера олади? Қўшнимиз, маҳалладошимиз, юртдошимизнинг ҳолидан хабардор бўлиб, унга вақтида кўмак берсак, уни ана шундай хатарлардан огоҳ этиб турсак, ўзимиз ҳам, ўзгалар ҳам тинч, хотиржам яшаши мумкин.
Улуғбек НАЗАРОВ,
Ташқи меҳнат миграцияси
масалалари агентлиги бошлиғи
Манба: huquqburch.uz
Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya