1 303 25/05/2023

Ҳар бир инсон яхши яшашни истайди. Бу истак одатда турли «бадал»лар эвазига амалга ошади. Муҳожирлик — Ватанни тарк этганлар қисмати. Гоҳида инсон ватани, жондан азиз оиласини ташлаб, тирикчилик ва рўзғор ғамида узоқларга кетишга мажбур бўлади. Ҳатто фарзандининг илиқ тафтини ҳис қилиш, илк сўзи ва қадамини кўришдан мосуво бўлганлар қанча?! Биз шунчаки МУҲОЖИРлар деб атайдиган қатлам сони дунёда йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги мулоҳазаларимиз шу ҳақда.

Қарийб 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик — муҳожирликда. Уларнинг аксарияти — эркаклар. Оиласидан олисда, яқинлари меҳридан мосуво яшаш нафақат уларни, балки уларнинг яқинлари — ота-онаси, аёли ва фарзандларини ҳам қийнайди.

Шаҳло Жўраева, 35 ёш, Фарғона:

— Турмуш ўртоғим 12 йилдан бери Россияда ишлайди. Шу вақт оралиғида икки нафар фарзандли бўлдик. Болаларимиз туғилгандаги қувончли хабарни ҳам телефон орқали етказганмиз. Ҳозир ўғлим 7, қизим эса 4 ёшда. Дадаси кўз ўнгида бўлмагани учун улар турмуш ўртоғимнинг акасини «дада» деб катта бўлишди. Пандемия сабаб орада хўжайиним 3 йилча уйга келолмади. Кунларнинг бирида эрим қайнотамга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистонга келаётганини айтдилар. Бу хушхабарни эшитиб, ҳаммамиз бирдек қувондик. Айниқса, болаларимнинг қувончи чексиз эди.

…Турмуш ўртоғим ярим тунда уйимизга кириб келдилар. Эрта тонгда ҳовли супураётсам ўғлим югуриб келиб: «ая, уйимизда бегона киши ётибди» дея ҳайратланди. Нафасим бўғзимга тиқилди… Ўзимдан ўтган ҳис-туйғуларни ўзим билдим, холос. Ўғлимга ўша «бегона» дадаси экани ва кечаси Россиядан келганини тушунтирдим…

Фарзандларим дадаси билан телефон орқали мунтазам мулоқот қилиб туришган. Аммо орадаги вақт, масофанинг олислиги, ота ва фарзандлар орасидаги онлайн мулоқот ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қўймади. Бир ҳафтагача болаларим дадасини «тан олмай» ҳаммамизни қийнади. Айниқса, кичик қизим, ўта инжиқ, аламзада бўлиб, дадасини қабул қилиши анча қийин кечди. Шу воқеа бизга анча сабоқ бўлди. Турмуш ўртоғим яна бир йилча чет элда ишладилар ва бутунлай бағримизга қайтдилар. Шукрки, ҳозир оиламиз бутун. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганмиз. Ота-болалар ўртасидаги муносабат ҳам илиқлашган.

Жавоҳир Камолов, 15 ёш, Тошкент шаҳри:

— Ота-онам ажрашган. Эсимни танибманки, иккалалари ҳам чет элда ишлайди. Аммо бирга яшашмайди. Мен бувим билан қолганман. Бувим ҳам қариб қолдилар. Охирги йилда тез-тез касал бўлиб қолишяпти. Менга бир ўй ҳеч тинчлик бермайди: агар бувимга нимадир бўлиб қолса, мен ким билан қоламан?..

Пулга муҳтож эмасман. Аммо дўстларим ота-онаси ҳақида гапирганда, ўксиб кетаман. Ота-оналар мажлиси бўлганда орқамдан ҳеч ким келмайди. Касал бўлиб қолсам, фақат бувим парвона бўладилар.

Дадам билан охирги марта янги йил куни гаплашганман. Онам билан эса бир ҳафта аввал. Авваллари тез-тез гаплашиб турардик. Бир-икки марта қўнғироқ қилсам, дадам кўтармадилар, ойим эса иши кўплигини, Telegram’дан ёзишимни айтди. Шу билан уларга деярли телефон қилмай қўйдим.

Мен ота-онам борлигини ҳис қилмай улғайяпман. Ўзим ота-она меҳрига ташна бўлганим учунми, ичимда яхши ота яшайди. Келажакда ўша меҳрибон отани юзага чиқараман. Фарзандларига вақт ажратадиган ва меҳр берадиган ота бўламан. Яхши оила бошлиғи бўлишга ҳаракат қиламан.

Маълумот ўрнида: ЮНИСЕФ ўтказган «Миграциянинг болаларга салбий таъсири» деб номланган тадқиқот натижаларига кўра, кўплаб муҳожир оилаларнинг (45 фоиз) камида икки нафар фарзанди васийлар қармоғида қолишади. Ушбу болаларнинг деярли 63 фоизи оналари билан яшайди, чунки муҳожир оталар кўпроқ ишлаб, оилаларига кўпроқ пул юборишади.

Шерзод Қорабоев, 49 ёш, Андижон вилояти:

— 10 йил Кореяда ишладим. 2-3 йил оралатиб, Ўзбекистонга бориб турдим. Топганим уй-жой, машина, яхшигина даромад бўлди. Аммо энг катта бахтим — оиламдан айрилдим. Четга кетмасимдан аввал оилам билан туман марказида — «дом»да яшардик. Аёлим ва қизларим ўзлари ёлғиз қолишмасин деган мақсадда қишлоққа — ота-онамникига ташлаб кетдим. Лекин орадан кўп ўтмай, хотиним улар билан келишолмай, «дом»га кетиб қолди. Кейин аёлим қинғир йўлга юраётгани ҳақида турли миш-мишлар эшита бошладим. Бу сўзларга парво қилмадим, аёлимга жуда ишонардим. Орада бу каби миш-мишлар ота-онамни ҳам қулоғига етиб борди. Биласиз, қишлоқ шароитида бундай гаплар жуда тез тарқалади. Ўзи билан гаплашсам бу гаплар туҳматлиги, ишонмаслигимни айтди. Аммо уйимдагилар «бизга бундай келиннинг кераги йўқ, ажрашасан» деб оёқ тираб туриб олди. Ота-онам бир ён, турмуш ўртоғим ва болаларим бир ён бўлиб икки ўт орасида қолиб кетдим. Ноилож, ёши улуғ ота-онамнинг йўриғига юрдим.

…Хуллас, Кореяни «йиғиштириб» Ўзбекистонга қайтдим. Бошқа аёлга уйландим. Ажрашаётганимда икки қизим ҳам кўзимга кўринмади. Афсус, мана уч йилдирки, фарзандсизман. Энди уйимдагилар ўша пайтда одамларнинг гап-сўзлари ва миш-мишларга бекор ишонишганини айтишмоқда. Бироқ энди кеч… Мен учун ортга йўл йўқ. 

Фарида Қўзиева, 33 ёш, Фарғона:

— Бундан 4 йил аввал қўлимдаги 3 ёшли боламни қайнонамга ташлаб, эр-хотин Россияда ишлагани келганмиз. Бу ерда бир танишимизнинг дўконини юритамиз. Бошида келганимизда жуда қийналганмиз. Айниқса, фарзанд, яқинлар ва Ватан соғинчи кишини еб-битиради. Келган йилимиз роса кўп Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчи бўлганман. Лекин… қолишга, ишлашга мажбур эдим.

Шукрки, қийинчиликлар ортда қолди. Яқинда иккала фарзандимизни ҳам олиб келдик. Бу ерда мактаб ва боғчага жойладик, турли тўгаракларга боришади.

Қариндошлар, ёру дўстлар билан телефон орқали гаплашиб турамиз. Аммо барибир, ўзбекчиликда иссиқ-совуқ маросимлар бор. Шу кезлари виждоним қийналади. Ота-онамни кўпроқ соғинаман.

Аслида, яхши иш, мўмай даромад, меҳнатга яраша ҳақ бўлса, ҳеч бир киши тўрва халтасини орқалаб чет элга чиқиб кетмайди. Хўжакўрсинга ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари, эшигига одам йўламайдиган, маошини эшитса қочадиган иш берувчи ташкилотлар, ишга киришдаги таниш-билишчилик ва коррупция… ватанини тарк этаётган ўзбеклар сонини кўпайтирмоқда. Юқорида санаб ўтилган иллатларга барҳам берилса (айрим) тирик кетган ҳамюртларимизнинг жасади чегарада сарсон бўлмас, бутун бошли оила бўзлаб қолмасди.

Баҳринисо Мадумарова

Zamon.uz журналисти

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya