Мақола

1 246 22/06/2022

Амур вилояти суд ижрочилари миграция қонунчилигини бузган чет эл фуқароларини Россия Федерациясидан чиқариб юборишди, деб хабар беради Рамблер.ру.

Хорижий фуқароларнинг Россияда яшаб туриш ҳолатини текшириш мақсадида Благовешенск, Белогорск шаҳарлари, Тамбовка ва Новобурейск қишлоқларида ўтказилган рейдларда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг қонун билан белгилаб қўйилган вақтда мамлакатни тарк этмаганликлари аниқланди.

Суд жараёнида аниқланишича, Ўзбекистон фуқаролари 2019 йилда Россияга шахсий паспортлари билан кириб келишган. Кейинчалик эса автовокзал биносида ҳужжатларини йўқотиб қўйишган. Бироқ улар бу ҳақда ариза ёзиб, ваколатли органларга мурожаат қилишмаган ва белгиланган қонун-қоидаларни бузишган.

Тожикистонлик фуқаролардан бири Амур вилоятига 2018 йилда пул ишлаш учун келган. Текширув пайтида унинг ёнида на шахсий ҳужжати ва на патент бўлган.

Суд барча чет эллик фуқароларни РФнинг МҲКга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор, деб топди. Улар “Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан РФга кириш қоидаларини ва РФда бўлиш (яшаш) режимини бузиш” моддасига асосан айбланишди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 мингдан 5 минг рублгача жарима қўлланилди ва улар Россия ҳудудидан чиқариб юборилдилар.

Жорий йилнинг беш ойи мобайнида Амур вилояти суд ижрочилари мамлакатда яшаш қоидаларини бузган 42 нафар мигрантни Россиядан чиқариб юборишди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация