Maqola

4 894 26/03/2016

solijon

Солижон Шарипов – Қирғизистоннинг Ўзген шаҳрида туғилган. Ҳарбий қирувчи самолётлар учувчиси, фазогир. 1998 йил 23 январида Россия космонавтлари ичида биринчи бўлиб Американинг Space Shuttle кўп марта учиш тизимидаги «Endeavour» кемасида самого кўтарилиб, 8 кун 19 соат 46 дақиқа 54 секунд парвозда бўлди. Парвоз давомида кеманинг «Мир» Россия орбитал станциясига бириктириш ишлари амалга оширилди. Солижон Шариповнинг иккинчи парвози 2004 йили 14 октябрда содир бўлди. У «Союз ТМА-5» космик кемасининг сардори сифатида самога кўтарилиб, Халқаро Космик Станциясида олти ойдан кўпроқ муддатда илм-фан равнақи учун зарур бўлган элликдан ортиқ тажриба ишларида қатнашди. Парвоз давомида икки марта очиқ фазода чиқиб, умумий ҳисобда 10 соат давомида станцияни таъмирлаш, унга янги жиҳозлар ўрнатиш ва бошқа муҳим тадбирларни ўтказди.
Солижон Шарипов самода жами 201 кун 14 соат 48 дақиқа 53 сония парвозда бўлди. Шунингдек, у «Союз ТМ-29» ва «Союз ТМ-30» космик кемалари дублёр экипажларининг сардори бўлган.
Солижон Шарипов Россия Федерацияси Қаҳрамони, Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Оилали, ўғил ва қизи бор. Футбол ва китоб ўқишни севади.
Солижон Шарипов билан суҳбат «Ўзбегим» газетаси мухлислари, қолаверса Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар учун уюштирилган суҳбат фазогирларнинг «Звёздный городок» ида бўлиб ўтди.

-Солижон ака, фазогирларни дунё танийди, улар ҳақида исталган маълумотни газета, журнал, интернетдан топиб ўқиш мумкин. Лекин «Ўзбегим» мухлисларини ҳали оммага маълум бўлмаган воқелик, фикр-мулоҳазаларингиз билан таништирсангиз. Маълумки, ҳар қандай шахс истиқболини, асосан унинг болаликдаги орзу ҳаваси, интилишлари белгилайди. Фазогир Солижоннинг болалик даври қандай кечган ва унинг келажакда фазогир бўлишига қандай вокелик сабаб бўлган?

-Мен оддий, кўп болалик ўзбек оиласида туғилиб ўсганман. Ҳамма болалар қатори уй-рўзғор ишларида ота-онамга кўмакчи бўлганман: уйдаги мол-қўйларни боққанман, уларга даладан ем-ҳашак ташиганман. У пайтлар далаги пахталарга «Ан» самолётидан кимёвий моддалар сочилиб, ишлов бериларди. Янглишмасам 4-5 ёшдаги бола эдим ва биринчи бор ўша самолётни кўриб, қалбимда учувчи бўлиш орзуси туғилган. Кейинчалик мактабда ўқиб юрган кезларим, шаҳар кутубхонасига аъзо бўлиб, коинот, парвоз, техникага оид китобларни мутоала қилардим. Ҳаттоки тунлари бўш хонага кириб олиб, кўзимни уйқу олгунча ёки дадам кириб, «энди ухлагин, ўғлим» дегунларича китоб ўқирдим. 8-синфда ўқиб юрган кезларим самовий парвозлар ва техникага оид журналларга обуна бўлиб, уларни мунтазам ўқиб борганман.

-Кимдир Эйфел минорасини, кимдир Колизей ва яна кимдир Буюк Хитой девори, Миср Эхромларини бориб кўришни орзу қилади. Лекин буларнинг барчасини ўз бағрида мужассам этган она Сайёрамизни юнг юқори нуқта – самодан туриб кузатиш миллард инсонлар орасидан саноқли одамларгагина насиб қилган. Сиз ана шундай инсонлардан бирисиз. Айтингчи, парвоздан кейин ўзингизда қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз?

solizhon2

-Дарҳакикат, фан-техника ривожланиб, инсон Самога парвоз қила бошлаганидан бери ўтган ярим аср мобайнида фақат 500 дан ортиқ фазогиргина она Сайёрамизни четдан кузатиш имконига эга бўлди. Албатта, узоқ вақт жисмонан, руҳан тайёргарликлардан сўнг самога кўтарилганингда, кўз олдингда бепоён коинот намоён бўлади. Бундан ташқари вазнсизлик ҳолатида бўласан. Бу ҳолатни сўз билан ифода қилиш қийин. Кема бир кунда 16 марта Ерни айланиб чиқади ва четдан туриб унинг беқиёс гўзаллигини кузатиш, ҳис қилиш имконияти туғилади. Парвоз давомида бўш вақтнинг ўзи кам бўлади, доимо бажарилиши зарур бўлган тадқиқот ва тажрибалар билан банд бўласан киши. Бундан ташқари, ҳар куни камида уч соат жисмоний машқлар билан шуғулланиб туриш керак.
Кўз олдимда она Сайёрамиз тўлиқ намоён бўлганда, қалбимда ажойиб фалсафий мушоҳадалар гужгон урди – қандай гўзал масканда яшаётганимиз, она табиатни авайлаб-асрашимиз нақадар муҳим экани, чексиз коинот бағрида мовий ранг билан ўралган Сайёрамиз танҳолигини кўрдим ва юракдан ҳис қилдим. Ер юзида яшаётган ҳар бир инсон ўз ғам – ташвишлари, орзу – мақсадлари билан доимо овора. Шунингдек, инсониятнинг моддий эҳтиёжларини қондириш оқибатида кейинги ўн йилликларда экологияга катта зарар етказилгаётгани ҳам сир эмас. Амазониядаги асрий ўрмонларнинг яксон этилаётгани, дарёларга туғонлар қурилиб, ўринли-ўринсиз қўриқлар ўзлаштирилаётгани, саноат чиқиндиларининг дарё, денгиз, океанларга виждонсизларча оқизилаётгани оқибатида Заминимиз фауна ва флора дунёсига қайта тикланмас зиён етказилаётганини ҳамма билади. Инсоният турли жамиятларда яшаб, унинг эҳтиёж ва мавкураси ҳилма-хил бўлгани билан, у Қуёш атрофида сузиб юрган ёлғиз бир кема – Ер сайёрасида яшаётганини унутмаслиги керак!

-Сиз икки марта фазога парвоз қилгансиз. Кейинчалик бундай имконият бўлмадими?

-Фазогирлар ҳаёти, фаолиятининг ўзига ҳос ҳусусиятлари мавжуд. Гарчи мен икки марта самога парвоз қилган бўлсамда, шу кунга қадар ўн икки марта дублёр командасига танланиб, тайёрларлик кўрганман, яъни заҳира фазогир сифатида қатнашганман.

-Фазогирлар гуруҳига қабул қилиниб, йиллар давомида учишга тайёргарлик кўриб, кейинчалик маълум сабабларга кўра, парвоз қилмаган космонавтлар ҳам бўлганми?

-Албатта, парвозга кўпчилик тайёрланади, лекин уларнинг ҳаммасига ҳам Ер орбитасига кўтарилиш насиб қилавермаган. Турган гап, ҳар бир фазогир самога парвоз қилишни бир умр орзу қилади. Лекин парвознинг насиб этишини ҳам бир омад деб, билса бўлади. Шунинг учун мен ўзимни жуда бахтиёр деб биламан.

Solizhon-1-polosa

-Космонавт Солижон Шариповнинг бўш вақти бўладими?

-Бўш вақтнинг ўзи кам, чунки иш, учрашувлар, табдирлар….Деярли ҳар куним соатигача режалаштирилган. Шунга қарамай, бўш вақт топдимми, уни китоб мутоала қилиш, классик фильмларни томоша қилишга сарфлайман. Менга кўплаб юртдошлар турли масала ва муаммолар билан мурожаат қилишади. Қўлимдан келганча уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламан.

-«Ўзбегим» мухлисларига тилагингиз?

-Мусофир юртларда яшашнинг ўзи бўлмайди. Бошқа иқлим, бошқа маданият, ўзгача қадриятлар. Лекин ҳар қандай миллат, элатларни бирлаштиридаган олий қадрият бор. Бу ҳам бўлса – одамийликдир! Мен юртдошларимизга аввало саломатлик, ишларида барака тилайман. Турли миллат, дин вакилларидан иборат Россия жамиятида яшаб, меҳнат қилашаётган экан, доимо ўзаро аҳил, иноқ бўлишларини истардим. Шунингдек, ҳар бир кунни ғанимат билиб, имкон даражада бу ердаги маданий, маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишларини тилайман!

Манба: uzbegim.info

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya