Мақола

771 20/10/2023

Яна қанча ўзбекистонлик қулликда қолди?!

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари иккита ғишт заводи эгаларини ноқонуний меҳнат эксплуатациясида гумон қилиб қўлга олди.

Воқеа 14 октябрть куни Ақтўбе вилоятидан бир аёл Олмаота полициясига қўнғироқ қилганидан сўнг бошланган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган акаси Чимкентдаги ғишт заводида мажбуран ушлаб, зўравонлик билан таҳдид қилган иш берувчиларидан қочиб қутулганини ва Олмаота шаҳрида эканини маълум қилган. Номаълум шахслар унинг изига тушиб, ўғирлаб қора БМW машинасида олиб кетишган.

Жиноятнинг оғирлиги сабабли Олмаота ва Чимкент уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказиб, ғишт заводлари хўжайини бўлган 3 нафар эркакни қўлга олди. Уларнинг икки нафари ака-ука экан.

Полиция ходимлари заводларни тинтув қилиш чоғида 60 дан ортиқ хорижлик ишчиларни топдилар, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Дастлабки тергов жараёнида маълум бўлишича, хорижликларни заводларга ишга таклиф қилишган, кейин эса ҳужжатлари олиб қўйилган, маошлари берилмаган, баъзан эса жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қилинган.

Айни пайтда 25 нафар хорижлик ишчи “Сана сезим” нодавлат ташкилоти қарамоғида, 30 дан ортиқ киши шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум.

Хорижий фуқаролардан полицияга учта расмий баённома тақдим этилган. Гумонланувчилар ҳибсга олиниб, меҳнатни эксплуатация қилиш ва ўзбошимчалик мақсадида ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда айбланяпти. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация