Мақола

789 15/11/2022

Тожикистонда меҳнат мигрантлари Россияга қараганда камроқ маош олишади, лекин ўзларини хавфсиз ҳис қилишади.

Тожикистонлик меҳнат мигрантлари Россиядан кўра Қозоғистонни кўпроқ танлашмоқда. Нима учун шундай бўляпти?

Украинадаги уруш ва Ғарбнинг қаттиқ санкциялари фонида Россиядаги иқтисодий вазият Тожикистондан келган кўплаб меҳнат мигрантларини бу давлатдан эмас, балки бошқа мамлакатлардан излашга мажбур қилди. Ҳозир кўплаб тожикистонликлар Қозоғистонга ишлаш учун боришади, улар Россиядагидан камроқ маош олишларини, лекин ўзларини хавфсизроқ ҳис қилишларини

айтишади. Қозоғистонда ишлаётган тожикистонлик мигрантларнинг аниқ сони номаълум. Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги 2022 йил июль ойида Қозоғистонда 10,5 минг нафарга яқин тожикистонлик меҳнат қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Диаспора вакилларининг ўзлари эса улар анча кўп эканига ишонишади.

Остонадаги Шағин улгуржи бозори бир неча ўнлаб тожикистонликларнинг иш жойи ҳисобланади.

Улардан бири, 35 ёшли Ҳамза Бобоев мева сотади. Ҳамзанинг айтишича у Остонага кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

“Мен аввал тирикчилик мақсадида Сочига борордим, у ерда маошлар яхши бўлган. Қозоғистонда Сочига нисбатан кам маош оламан, лекин бу ерда полиция четдан келган мигрантларни камдан кам вазиятларда айблайди,- дейди Тожикистон фуқароси. – Россияда ҳатто ҳужжати бор мигрантларни ҳам полиция бўлинмаларига олиб кетишади”.

Комрон Ражабзода Россиядан депортация қилинганидан сўнг Қозоғистонга келган. Қозоғистонда у қурилишда пардозлаш ишлари билан шуғулланади ва яқин беш йил давомида мамлакатда қолишни режалаштирмоқда.

“Россияда Қозоғистон билан таққосланганда катта ва ривожланган бозор мавжуд ва меҳнатга ҳақ тўлаш ставкалари ҳам юқори. Лекин ҳужжатларни расмийлаштириш ва қоғозбозлик харажатлари юқори. Мен ҳужжатларни ўз вақтида расмий лаштира олмаганим учун депортация қилинганман”, – дея тушунтиради у.

Ҳамза ва Комроннинг гапларини шу бозорда ишлаётган бошқа тожикистонликлар ҳам тасдиқлайди. Қозоғистонга кўп йиллар аввал келган Олимжон Камоловнинг айтишича, Қозоғистонда ишлаётган Тожикистон фуқаролари сони аста-секин ошиб бормоқда.

– Бозордан ташқари қурилиш объектларида ҳам ишлайман, йигитларга ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам бераман, – дейди тадбиркор Олимжон Камолов.

– Айрим қурилиш объектларида 200 нафар ишчининг деярли ярмини фуқароларимиз ташкил этади.

Қозоғистондаги тожик меҳнат мигрантлари WhatsApp платформасида махсус гуруҳ ташкил этдилар. Абдуваҳоб Тожиевнинг айтишича, тожикистонликлар Қозоғистондаги ватандошлар ўз муаммолари билан қолиб кетмасликлари учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

“Одамларимизнинг кўпчилиги таксида ишлайди, ватандошларимиз ишга келганда уларни аэропортда кутиб олишади. Бундай ҳолда кўчада қолиб кетмаслик учун уларни дарҳол WhatsApp гуруҳимизга қўшиб қўйишади. Улар бегона юртда кўчада қолиб кетмасликлари керак”, дейди Тожиев.

– Шундай қилиб, Қозоғистонда ишлаётган барча тожикистонликлар бизнинг гуруҳимиз ҳақида билишади. Зарур вақтда айнан шу гуруҳда иш ва уй-жой юзасидан талаб ва таклифлар бўлиб турибди. Ватандошларимиз эса уларга зудлик билан жавоб беришяпти”.

 

Муносабат

 

Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида иқтисодий жиҳатдан нисбатан ривожланган давлат ҳисобланади.

Буни қозоғистонлик мигрантларнинг Россияда камлигидан ҳам билса бўлади. Ҳудуди бўйича дунёда 9-ўринда турадиган Қозоғистон, табиий ресурсларга бойлиги жиҳати билан Россиядан қолишмайди.

Санкциялар билан боғлиқ вазиятлардан сўнг кўплаб Россиядаги йирик хорижий компаниялар, Қозоғистонга кўчиб ўтаётганлиги ҳақида хабарлар кенг тарқалмоқда.

Демак, Қозоғистонда ишласа бўлади.

Фақат аммоси бор. Бу ҳам бўлса қозоғистонликларнинг бошқа миллат вакилларига нисбатан миллатчилик қилмасмикан, деган масала. Агар шу иллат билан боғлиқ муаммони қозоғистонликлар ҳал этса, гуллаб-яшнаб кетишига бошқа шубҳа қолмаса керак.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация