Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳудудида Ўзбекистон фирмасига тегишли йўловчи автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учради. Oқибатда 2 киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар қилмоқда «Казинформ».
Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво сабабли рўй берган авария оқибатида автобус ҳайдовчисининг ёрдамчиси ва йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган, 33 киши шифохонага ётқизилган. 3 кишининг аҳволи оғирлиги боис, жонлантириш бўлимида экани хабар қилинмоқда.
Дастлабки ўрганишларга кўра, ЙТҲга об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (ёмғир ва дўл) сабаб бўлган. Автобус ҳайдовчиси транспорт воситаси бошқарувини йўқотиб, худди шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.
Жамбил вилояти трассасида юз берган ЙТҲда жабрланганлар учун махсус телефон рақамлари эълон қилинган: – 8 (7262) 51-35-75, 51-41-67.