Маълумки, «Чет эл фуқароларининг РФ даги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга биноан, Россия ҳудудида меҳнат қилаётган муҳожирларнинг ишлаши квота асосида тартибга солиниб келинмоқда. 2015 йилнинг бошидан эса мазкур қонунга киритилган ўзгартиришлар қонуний кучга кирди. Бу ўзгартишлар фақатгина Россияга кириш учун виза талаб этилмайдиган давлатларнинг фуқароларига тегишли бўлиб, уларга нисбатан квота тартиби бекор килинди ва эндиликда “визасиз” давлатлар фуқаролари РФ ҳудудида патент асосида меҳнат қилишмоқда. Бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан эса квота тартиби сақланиб қолинган.
Бироқ, ишлашга рухсат берувчи патентнинг бекор қилиниши мумкинлигини барча меҳнат муҳожирлари ҳам билишавермайди. Ишлаш имкониятидан маҳрум бўлиш (патентнинг бекор қилиниши) учун бир қатор сабаблар мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:
♦ Патент тўловини вақтида тўламаслик;
♦ Патент расмийлаштирилгач, Россия ҳудудида олти ойдан ортиқ вақт яшамаслик;
♦ Муҳожир ишчиларни ёллаш (патент ёлланма ишчиларни жалб қилиш имконини бермайди);
♦ Патент олгандан сўнг 2 ой муддат ичида иш берувчи ёки буюртмачи билан шартнома нусхасини ФМХ бўлимига тақдим қилмаслик;
♦ ЕГРЮЛ (юридик шахларнинг ягона давлат реестри) ёки ЕГРИП (якка тадбиркорларнинг ягона давлат реестри) да муҳожирни ёллаган иш берувчи ҳақида маълумотнинг йўқлиги;
♦ Муҳожирнинг Федерал Миграция Хизматига ўзи ҳақида нотўғри маълумотлар бериши ва соҳта ҳужжатлар тақдим этиши;
♦ Иш берувчининг Федерал Миграция Хизматига ўзи ёки ишчи ҳақида нотўғри маълумотлар бериши ва соҳта ҳужжатлар тақдим этиши;
♦ Муҳожирнинг РФ ҳудудида бўлиши номувофиқлиги ҳақидаги қарорнинг мавжудлиги ёки Россияга кириш учун таъқиқ (запрет) бўлиши;
♦ Суд томонидан жавобгарликка тортилиши;
♦ Судланганлик ҳолатининг олиб ташланмаганлиги (агар мазкур жиноят учун РФ қонунчилигида жавобгарлик кўрсатилган булса, жиноят Россия ҳудудида ёки хорижда содир этилганидан катъий назар);
♦ Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, ОИТС ва бошқа ҳавфли касалликлари йўқлиги тўғрисидаги хужжатни тақдим этмаслик;
♦ Конституциявий тизимга зўрлик билан ўзгартириш киритишга даъват ва/ёки мамлакат хавфсизлигига тахдид туғдириш;
♦ Бир йил давомида мамлакатда яшаш тартибини икки маротабадан ортиқ бузганлик учун жавобгарликка тортилиш;
♦ Сўнгги 5 йил давомида муҳожирнинг мамлакатдан чиқариб юборилганлиги (выдворение), сургун (депортация) килинганлиги ёки бошқа давлатга бериб юборилганлиги.
♦ Реадмиссия (мамлакат ҳудудига киришга ва у ерда қолишга қонуний асоси бўлмаган фуқароларни, уларни қайси давлат ҳудудидан кирган бўлсалар ўша давлатга чиқариб юбориш ва ўша давлатни ушбу фуқароларни қабул қилишга розилиги ҳақидаги давлатлараро шартнома) шартномасига мувофиқ муҳожирнинг бериб юборилиши;
♦ Терроризм/экстремизмга ёрдам бериш;
♦ Муҳожирнинг патентни мустақил бекор қилиши.
Шу тариқа, РФ ҳудудига визасиз кириш ҳуқуқига эга муҳожир патентининг бекор қилиниши учун сабаблар етарлича кенг. Патент бекор бўлганидан сўнг муҳожир 15 кун давомида Россиядан чиқиб кетиши лозим, патент учун хужжат топширишга қайта мурожаат қилиш учун эса бир йил кутишга тўғри келади.