Мақола

2 166 14/03/2022

Россия ҳукумати мамлакатга меҳнат мигрантларини кўпроқ жалб қилиш мақсадида чоралар таклиф қилмоқда.

Бу санкциялар шароитида Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун қилинмоқда. Бу ҳақда Известия нашри ёзмоқда. Хусусан, хорижликлар учун патент нархини арзонлаштириш ва автобус ҳамда темир йўл қатновларини тиклаш шулар жумласидан. Қуйида Россия ҳукумати таклифлари рўйхати билан танишишингиз мумкин.

  • Ўзбекистон, Украина, Молдова, Тожикистон ва Озарбойжон фуқароларига патент қийматини пасайтириш;
  • Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун қуруқлик чегараларини очиш;
  • Россияда олий таълим олган барча хорижликларга яшаш рухсатномаси (вид на жительство) бериш;
  • 3 ёки 5 йил мобайнида патент тўловини ўз вақтида адо этган меҳнат мигрантларига яшаш рухсатномасини бериш (вид на жительство);
  • Узоқ хориждан келувчиларни патентга ўтказиш;
  • Рўйхатга қўйиш (ставить на учёт) ва патентлар муддатини масофадан узайтириш ҳамда патент муддатини чекланмаган тарзда узайтиришга рухсат бериш;.
  • Жиддий бўлмаган маъмурий ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этганларни мамлакатдан чиқариб юбормаслик.
  • Россияга кириш мақсадини мамлакатнинг ўзида ўзгартиришга рухсат бериш.

Умуман, экспертлар ҳукуматнинг бу ғоясини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бир нечта ўзига хосликлар ҳақида сўз юритмоқда. Миграция жараёнлари таҳлилий ва амалий тадқиқотлар маркази раҳбари Вячеслав Поставнинга кўра, самарадорлик меҳнат бозоридаги вазиятга боғлиқ.

Мигрантнинг мамлакатга шунчаки келиши етарли эмас, у ўзига иш топа олиши муҳим. Ҳозирда, улар имкон топиб ишга жойлашмоқда. Аммо, бандлик хизматининг фаолияти самарасиз. Бизга қандай мигрантлар кераклигини аниқлайдиган ва уларни тўғри тақсимлайдиган тизимни ишлаб чиқиш зарур”, – деган Поставнин.

Ўз навбатида, Мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженовнинг ишонч билдиришича, яқин хориж мамлакатларининг салоҳияти ниҳоясига етиб бўлган. У бу салоҳиятни йилига 50-100 минг киши билан баҳоламоқда.

Келишни истаганлар келиб, қонунийлашиб бўлди. Бу чоралар глобал меҳнат захирасини жалб қилмайди, аммо қонунга бўйсунувчиларга мамлакатда эртанги кунига ишониб ишлашларига ёрдам беради”, — деган Коженов.

Екатеринбургдаги Ўрта Осиё диаспоралари вакиллари эса, мигрантларнинг Россияга ишлашга келишдан бош тортаётганини билдира бошлаган эди. Бунга сабаб сифатида Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатларни бошлагани ортидан санкциялар жорий қилиниши ва рубл курсининг пасайишини кўрсатилмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация