Мақола

768 28/10/2023

Москва ва Бутун Россия Патриархи Кирилл МПГУ талабалари билан учрашувда, агар хориждан жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг маданияти ҳукмронлик қила бошласа, Россия ўзининг маданий ўзига хослигини йўқотиши мумкин, деб иддао қилган.

“Бундай одамлар бизга на эътиқоди, на маданияти билан яқинлашмайди. Уларнинг ўз эътиқоди ва ўз маданияти бор. Ўқимишли, ақлли рус одами бошқа халқнинг эътиқодини ҳам, маданиятини ҳам ҳурмат қилиши керак. Лекин агар бошқа эътиқод, бошқа маданият шунчалик тарқалиб кетсаки, қайсидир вақтда тенглашса ёки худо сақласин, кўпайиб кетса, биз ватанни йўқотамиз, биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деган у.

Шу билан бирга, Патриарх Кирилл мусулмонларга қарши ҳеч хусумати  йўқлигини таъкидлаб, ўзи ҳам Рус православ черкови ва ислом жамияти ўртасидаги муносабатларга анчадан бери аралашиб келганини эслатган. У, гап биринчи навбатда, Россияга ишлаш учун келган, рус тилини билмайдиган, Россия ва унинг халқини ҳурмат қилмайдиган меҳнат муҳожирлари ҳақида кетаётганини тушунтирди.

“Гап мамлакатимиз ва давлатимиз табиатини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган демографик жараёнлар ҳақида бормоқда. Шунинг учун биз бу муаммони қандай ҳал қилиш ҳақида жуда пухта ўйлашимиз керак”, деб изоҳлайди у.

Россия президенти Владимир Путин бир неча бор хавфсизлик, ижтимоий ва меҳнат соҳаларида хавф туғдирмаслик учун миграция сиёсати масалаларида россияликларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган. Хусусан, 12 сентабр куни ВЭФ ялпи мажлисида сўзга чиққан давлат раҳбари россияликлар манфаатлари ҳақида ўйлаш ва миграция оқимидаги кўнгилни хира қилувчи омилларни йўқ қилишга чақириб, муҳожирлар оқимини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.

Aпрел ойи ўрталарида A. Г. Вишневский номидаги Миллий демография илмий-тадқиқот университети институти олимлари Валерий Юмагузин ва Мария Винник Россия аҳолисининг 2100 йилга бўлган прогнозларини тақдим этишди. Уларнинг маълумотларига кўра, аҳоли сонининг пасайиш тенденцияси сақланиб қолиб, 2070-йилларнинг ўрталарида 131 миллион кишига тушади. Aгар меҳнат муҳожирлари оқими бўлмаса, Россия аҳолиси 2100 йилга келиб 67,4 миллион кишигача камайиши мумкин. Aҳолини 146 миллион киши даражасида ушлаб туриш учун аср охиригача ҳар йили 0,39 миллиондан 1,1 миллионгача мигрантни жалб қилиш керак.

Июл ойи охирида Бутунроссия меҳнатни муҳофаза қилиш ва иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони 2030 йилга бориб 3,5 миллион кишини ташкил этишини, яъни 2022 йилга нисбатан 400 минг кишига кўп бўлишини ёзган эди.

Бироқ Москва муфтийси Илдар Aляутдинов патриархнинг гапларига раддия бериб таъкидлашича, ўзликни йўқотиш Россияга мусулмонларнинг келаётгани учун эмас, балки ватанпарварлик сусайиб, халқнинг ўз урф-одатларига беписанд бўлган тақдирда таҳдид солади. Aляутдинов муҳожирларнинг ўзига хос миллий ва диний хусусиятлари борлигини ва “бу мутлақо табиий” эканлигини эслатган. “Инсондан йиллар давомида шаклланган нарсани олиб ташлаб бўлмайди. Бу нотўғри ва ножоиз, чунки улар ўз маданиятининг посбонлари”, — деди муфтий. Унинг қўшимча қилишича, Россия жамиятига “миллий ва диний тамойилларни сақлаб қолган ҳолда” интеграция қилиш муҳим.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация