Фармон меҳнат ресурсларини мигрантлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида тақсимлашга қаратилган. Перм ўлкаси ташкилотларига муҳожирларни Россия фуқаролари билан алмаштириш учун уч ой муддат берилди. Ҳозирча тақиқ 2022 йил давомида амал қилади. Мигрантларни ишга олган компания эгалари жазога тортилади.
Жорий йил бошидан бери Россиянинг 4 та ҳудуди турли тармоқларда мигрантларнинг ишлашига тақиқ жорий қилган эди. Улар: Калуга области, Ханти-Мансийск автоном округи, Тюмен ва Калининград областлари (2021 йил октябрдан).
Бу ҳудудларда мигрантларга такси ва бошқа ҳар қандай жамоат транспортини бошқариш, болалар овқатларини ишлаб чиқариш, таълим соҳасида ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, озиқ-овқат етказиб бериш, соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаш тақиқланган.
Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида мигрантларга таржимон, котиб, муҳаррир, кадрлар бўйича ходим, молиячи, бухгалтер лавозимларида ишлаш, шунингдек, тоғ-кон, ёғоч савдоси, балиқчилик, овчилик ва ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш билан боғлиқ ишларга кириш тақиқланган. Шунингдек, хорижий фуқароларга бозор расталарида ишлаш, кўчма дўконларда овқат пишириш ва сотиш тақиқланади.
Шу билан бирга, баъзи ҳудудларда мигрантларни тақиқланган соҳалардаги ишга жалб қилганларга катта жарималар жорий этилган. Юридик шахсларга – бир миллион рублгача, мансабдор шахсларга – 50 минг рублгача, мигрантни ёллаган жисмоний шахслар ҳам жаримага тортилиши мумкин (икки мингдан тўрт минг рублгача).