Мақола

1 434 10/05/2023

Ўзбекистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқининг Россияга санкцияларни четлаб ўтиб, уруш учун зарур бўлган юқори технологияли компонентларни импорт қилишига йўл қўймасликка қаратилган радикал янги ташаббуснинг биринчи нишони бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Politico нашрининг ёзишича, Европа Россия Федерациясига қарши 11-санкция пакетини тайёрламоқда. Ва биринчи марта ташаббус Москвага Брюсселнинг савдо эмбаргосидан қочишга ёрдам бераётган давлатларга қарши чораларни ўз ичига олади. Хитой ва Туркия кўпинча Россияга иқтисодий ҳаёт чамбарагини ташлаган давлатлар деб ҳисобланади. Аммо Европа Иттифоқи дипломатлари Анқара ва Пекин бевосита нишон эмаслигини айтмоқда. Бу икки муҳим геостратегик савдо шерикларига қарши чоралар кўриш тескари натижа бериши мумкин.

Европа Иттифоқининг уч дипломати санкцияларни айланиб ўтишга қарши кураш бўйича таклифлар Марказий Осиё давлатларини чекловларга янада яқинроқ риоя қилишга ундашига умид билдирди.

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича матбуот котиби Дэвид О’Салливан сўнгги ҳафталарда Туркия, Ўзбекистон ва Қозоғистонга бориб, санкциялардан қочишга қаратилган саъй-ҳаракатларни ўрганишга уринди. Politico нашрининг ёзишича, Европа Комиссияси «ушбу чораларда кўзда тутилган тақиқларни бузиш натижасида ёки мўлжалланган фаолият орқали Европа Иттифоқининг чекловчи чораларини четлаб ўтувчи жисмоний ва юридик шахсларни» нишонга олмоқчи. Бу, масалан, Европа Иттифоқида жойлашган компаниялардан чекланган товарларни оладиган, кейинчалик Россияга тўғридан-тўғри ёки воситачилар орқали жўнатиладиган учинчи мамлакатларда жойлашган компанияларга тегишли.

Таклифнинг иккала иловасида ҳам алоҳида мамлакат ёки маҳсулот номи кўрсатилмаган. Бу қарор Европа Иттифоқи давлатлари томонидан қабул қилиниши керак. Янги таклифдан ташқари, 11-санкция пакетига 72 нафар жисмоний ва 31 нафар юридик шахснинг рўйхати ҳам киритилган.

Европа Иттифоқининг ушбу янги пакетининг марказий қисми, агар санкцияларни четлаб ўтиш имконияти мавжуд бўлса, Европа компанияларига Россиянинг қўшниларидан бирига тақиқдаги товарларни сотишни ман этиш бўлади.

Европа Иттифоқи элчилари чоршанба куни бундай таклифга биринчи баҳо беради. Дипломатлар янги пакет бўйича келишувни келаси ҳафтагача ёки ундан кейин ҳам кутишмайди. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги элчихоналари бу имкониятга изоҳ бермади.

Аммо бу айланиб ўтишга қарши чоралар тезда тасдиқланишини англатмайди. Баъзи Европа Иттифоқи мамлакатлари Брюссел бу таклиф билан “Пандора қутиси”ни очиб юборишидан хавфсирамоқда. Бу ҳаракат Туркия ёки Хитой каби бошқа мамлакатларнинг навбатдаги нишон бўлиши  эҳтимолини очиб беради.

Қаттиқроқ муносабатни қўллаб-қувватлаган Европа Иттифоқи дипломатларидан бири «столда отишга тайёр милтиқни  кўришни умид қилгани, аммо ҳозир у ҳатто ўқланмаган»ини айтган. АҚШ Брюсселни Хитойга нисбатан қаттиқроқ позицияни эгаллашга ундамоқда, бироқ Европа Иттифоқи Пекинни ўзидан янада кўпроқ узоқлаштиришни истамаяпти.

Шу ҳафта охирида Туркияда бўлиб ўтадиган сайловлар туфайли  Туркия сиёсатининг беқарорлиги ҳисобга олинса, мазкур давлат билан қарама-қаршилик ҳам катта сиёсий хавф сифатида кўрилмоқда. Бундан ташқари, Анқаранинг қўлида миграция каби таъсир воситалари бор. Чунки Туркия узоқ вақтдан бери Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ ўртасида буфер вазифасини ўтаб келади.

Гарчи Европа Комиссияси Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан жазо таҳдиди уларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш учун етарли иқтисодий восита бўлади, деб ҳисобласада, бир дипломатнинг айтишича, Европа уларни айтишдан олдин «биз таҳдидларни амалга оширишга тайёр эканлигимизга ишонч ҳосил қилиши керак». Бошқа бир дипломатнинг айтишича, Брюссел санкцияларни четлаб ўтишга қарши кураш олиб борсада, Туркия ва Хитой каби асосий савдо ҳамкорлари билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш ўртасида мувозанатни сақлаши керак.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация