Мақола

1 784 22/02/2022

Москва метрополитени ҳудудида полициячиларга ҳужум қилган икки тожикистонлик ўсмирнинг отаси жарима тўлаш учун ёрдам сўраб, ватандошларига видеомурожаат йўллади.

Расулжон Ҳамроев YouTube да жойлаган видеомурожаатида Саидакрам Ҳамроев ва Умар Расулжонзода унинг ўғиллари эканини айтади.

“Ўғилларим Саидакрам ва Умарнинг бегона юртдаги хатти-ҳаракатларидан норозиман. Улар ҳали ёш ва ака-ука. Саидакрамни қўлга олиб, дубинка билан калтаклашганида акаси чидаб туролмай, милиционерга ҳужум қилган. Умар атиги 18 ёшда ва у биринчи марта Россияга ишлаш учун келган эди, дейди Расулжон Ҳамроев.

Отанинг таъкидлашича, адвокатлар белгиланган миқдордаги жарима тўланса ёшлар озод қилинишини айтган.

Расулжон Ҳамроев йигитларга ёрдам беришга тайёр эканликларини ёзган ватандошларнинг кўплаб шарҳларини ўқиган ва ўғилларини озод қилишга ёрдам беришларидан умид қилаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 17 февраль куни Москва метросининг “Тулская” бекатида содир бўлиб, Россия матбуоти икки нафар Тожикистон фуқароси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси маълумот беришича, гумонланувчилардан бири унинг шахсини аниқлаш учун полиция хонасига бориш ҳақидаги қонуний талабларни қатъий рад этган ва ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига қаршилик қилиб, қўл кўтара бошлаган.

Иккинчи гумонланувчи ҳам полиция ходимларининг қонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, ходимлардан бирининг танасига қасддан тепган, иккинчисининг бош қисмига бир неча бор зарба берган ва воқеа жойидан яширинган.

Жиноят содир этганликда гумон қилинган 22 ёшли йигит воқеа жойида ушланган. Кейинроқ эса унинг 2003 йилда туғилган шериги қўлга олинган.

Тергов жараёнлари давомида гумонланувчилар Россияда ноқонуний ишлаганларидан ташқари, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 19-27-моддасини бузган ҳолда турли тижорат ташкилотларида ишлаб келганлиги ва Москва шаҳридаги ижарага олинган уйлардан бирида истиқомат қилганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 318-моддаси, 1-қисмига (ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш) асосан жиноят иши қўзғатилган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация