Мақола

512 28/09/2023

Тошкент шаҳри Сергели тумани “Қурувчилар” даҳасида жойлашган омборхонада содир бўлган фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талофатларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия томонидан ҳудудда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот бериб борилади.
Ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда.

Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган.

Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.

Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли.

Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби республикамизнинг энг етакчи мутахассислари жалб қилинган.

Етказилган зарарни баҳолаш ва босқичма-босқич қоплаш юзасидан ишлар бошланган.

Мол-мулкига зарар етган фуқароларнинг мурожаатлари 1205 қисқа рақами орқали қабул қилинмоқда.

Ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация