Мақола

789 15/07/2023

Бугун Президент мактабларига имтиҳон бўлди. Минглаб, ўн минглаб болалар кўзлари жавдираб натижа кутишяпти. Ўринлар сонига талабгорлар нисбати даҳшатли – 1/170! Бу 98 фоиз бола ҳар қанча иқтидорли бўлмасин руҳи синишини англатади.

Ҳар қандай мамлакатнинг энг асосий капитали билимли инсонлар эканлиги аллақачон исботини топган. Шунингдек, ўз келажагини ўйлаган ҳар бир давлат иқтидорли фарзандларига алоҳида таълим беришга, истиқболли кадрлар заҳирасини яратишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон ҳам бу борада истисно эмас. Мамлакат бўйлаб “Президент мактаби” номи остидаги таълим масканлари ташкил этилганида, уларга катта ресурслар сарфланганида айнан эзгу мақсадлар кўзланганига шубҳа йўқ. Зеро давлат раҳбарининг ўзи ҳам бу борада “Бу мактаблар намуна бўлади ва келажакда умумтаълим масканларининг иш сифати ошишига хизмат қилади” дея таъкидлаганди.

Чиндан ҳам шундай – маълум ҳудудда бир мактаб жуда зўр бўлса, унга энг ақлли болалар йиғилса, таълим бўйича услублар яратилса ва охир оқибат билимли авлод етишиб чиқса, бошқа мактабларга ўрнак бўлиши мумкин.

Аммо… Доимгидек ўша аммо пайдо бўлади. Бизда ҳар қандай нуфузли масканга жойлашиш ўзига хос шафқатсиз пойгага айланиб кетади. Олдинку ишга жойлашишда ёши катталар, олий ўқув юртларига киришда эсини таниган ёшлар талашишарди. Энди эса бу жараёнга болалар ҳам қўшилишди ва катта эҳтимол билан ўзларининг дастлабки қақшатқич ҳамда бутун умр ёдда қоларли мағлубиятларини қабул қилиб оладилар.

Айтишингиз мумкин – мураккаб танланиш жараёнида энг иқтидорлилар саралаб олинишининг нимаси ёмон, ахир имтиҳонлардан мақсад ҳам шуку! Шубҳасиз ҳақсиз. Лекин бунчалик нисбатда эмасда биродар. 1 болани ажратиб олиш учун 169 болани билимсизга чиқариш қайси мезонга тўғри келади? Энг даҳшатлиси – 170 ота-онанинг ичидан битта уддабурро чиқиб, ҳаммасини “эски” усулда ҳал қилиб қўймаслигига сизда кафолат борми? Ёки Ўзбекистон коррупциядан буткул ҳоли масканга айланиб бўлдими?

Шукрки, “Президент мактаблари”га жойлашишда пора аралашган ҳолатлар ҳақида ҳали эшитмадик, эшитмайлик ҳам. Лекин барибир қайси виждон билан бирини танлаб олишда 169 нафарининг кўксидан итара оламиз? Ахир улар ҳам шу масканга имтиҳон топшириш учун келар экан, нимагадир ишонишган, қайсидир даврада илғор юришган, ота-онаси, устозининг ишонгани бўлишган.

Бирга 169 талабгорга ишонмаганларга бундан ҳам зўр факт бор: Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 229 тага, Андижон вилоятида эса 267 тага тўғри келяпти экан. Шунчаки даҳшат! Кичикроқ маҳалланинг бир мактаб боласи тўлиғича имтиҳондан йиқилиб қайтиб кетишини тасаввур қиляпсизми?

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: “Президент мактаблари”га тайёрлаш аллақачон улкан индустрияга айланиб улгурди. Ҳар қандай ўқув маркази пештоқига бу ҳақда катта қилиб ёзиб реклама қилиняпти. Ота-она топган-тутганини сарфлаб ҳали дуруст ўйнаб кулмаган гўдакларни йиллаб тайёрлашяпти. Яъни бу имтиҳонга келиш шунчаки ўзини синаб кўриш эмас – бола учун ўзига хос ҳаёт-мамот курашига айлантириляпти. Натижа эса аниқ – бирга бир юз етмиш!

Танқид қилмоқ осон, ечим бермоқ қийин дейдилар. Муаллиф ҳам ечим таклифига қийналиб турибди. “Президент мактаблари” ишлаши керак, иқтидорли болалар алоҳида таълим олиши ҳам зарур амалиёт. Шу билан бирга сифатли таълим учун танловни ҳам кенгайтирмоқ зарур. Токи ота-она учун бир йўналиш принципиал масалага айланмасин, бола эса юксак билими билан ҳам кўнгли ўксиб қолмасин.

Аброр Зоҳидов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация