“Ит ҳурар, кавон ўтаверар” дейди халқимиз. Бу нақадар доно гаплар бўлса ҳам, ҳураётган итларнинг кўпайиб кетса, ҳар қандай сабрли одамнинг жонига тегиб кетар экан. Кеча яна бир шундай ҳурадиган “ит”лардан бири мустақил давлатлар, шу жумладан Ўзбекистоннинг шаънига нолойиқ гапларни айтди.
Россиялик ёзувчи, пропагандачи ва ҳарбий Захар Прилепин Москвадаги матбуот анжуманида собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурди, бу унинг фикрича, “мигрантлар масаласи”ни ҳал қилар эмиш.
Прилепин, шунингдек, Владимир Путиннинг Россиядаги президентлик сайловларига номзодини қўллаб-қувватлади ва россиялик аёллар кўпроқ бола туғиши кераклигини айтди: «Россияликлар қанча кўп бўлса, ўзини ёмон тутаётган келгиндилар билан боғлиқ муаммолар шунчалик камроқ бўлади». У меҳнат мигрантлари келган мамлакатларни қўшиб олиш зарур, деб ҳисоблашини айтиб: “Уларни бу ерда эмас, айтайлик, Ўзбекистонда ўқитиш керак”, дейди.
“Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда: “Бизнинг икки миллион фуқароларимиз сизнинг ҳудудингизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон ўша ерда ва улар ҳатто бунга овоз ҳам беришган. Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлай олади? Ҳеч ким!», деб қўшимча қилган Прилепин.
Хўш, бу Прилепиннинг ўзи ким?
Асли исми Евгений бўлган Захар Прилепин 2016 йил октябридан 2018 йил июлигача Донбасс айирмачилари армиясида хизмат қилган. Ундан аввал чнчнлар билан урушда ҳам қатнашган. Қўли қонга ботган “ёзувчи” 2016 йил ноябр ойида хизматни бошлаганида майор унвонига эга эди. Прилепин Киевни «Россиянинг украин шаҳри» деб таъкидлаб, «бутун Украинани босиб олишга» чақирган эди.
2010 йилда Захар Прилепин ўзини Россия мухолифатининг аъзоси деб ҳисоблар ва «Путин кетиши керак» ва Россияни қутқариш учун «иложи борича кўпроқ рус болалари туғилиши керак» деб жар соларди. Аммо 2014 йилдан, Қрим Россия томонидан босиб олинганидан кейин Прилепин фикрини ўзгартирди ва бир юмалаб Россия ҳукумати тарафдорига айланди. Аннекцияни танқид қилган жамоат арбобларини қоралади.
2018 йилда Прилепин Путинни қўллаб-қувватловчи “За Россию” халқ фронти штаб-квартирасига қўшилди ва Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига кирди.
2018 йил июл ойида “ДХР” ҳудудини тарк этган Захар Прилепин доимий равишда Россияда истиқомат қилади. 2019 йил августида у Донбассда қирғинлар содир этган ҳарбий қисмни бошқарганини тан олди ва “Новая газета” шарҳловчиси Ирина Петровская унинг сўзларини “оммавий қотилликларни содир этганликни тан олиш” деб баҳолаган эди.
Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан Прилепин «Оплот» кўнгилли баталонига қўшилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу “жангчи”нинг ўзи жанговар ҳаракатларда иштирок этишга юраги бетламай полк командирининг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб хизмат қилган.
2023 йил 6 май куни Нижний Новгород вилоятида Захар Прилепиннинг машинаси портлатиб юборилган. Бироқ шуниси ажабланарлики, Прилепин шу воқеа содир бўлишидан сал олдинроқ ҳайдовчиси билан жой алмашиб олган. Натижада Прилепин жароҳатланиб, ҳайдовчи ҳалок бўлган.
Прилепиннинг кўпигини сачратиб қилган иддаоларига мақола аввалида келтирилган мақолдек парво қилмай ўтиб кетаверсак ҳам бўлар. Бироқ йирик бир давлат жамоат арбобининг бошқа давлатларнинг суверенитетига дахл қилувчи гаплари жиддий масала. Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари бунга муносабат билдиришармикин?
Ёқуб Умар