27 март куни соат 10.00 да Москва жомеъ масжидида Қуръон Фестивали очилади, дея хабар бермоқда Москва мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Масжидда очиқ эшиклар куни эълон қилинган, унга 10 мингдан зиёд меҳмонлар келиши кутилмоқда. Масжид турли миллат ва динлар вакиллари, турли ёшдаги инсонлар учун маърифат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик майдони бўлиб келмоқда.
Мазкур тадбирда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг масжидда сақланаётган муборак сочлари намойиш этилади.
3000 кв.м. дан зиёд майдонда бадиий кўргазмалар, анъанавий ва замонавий услубдаги Қуръон хаттотлиги, “Қуръондан илҳомланганлар” китоблар кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, дастурга “Соатлик намоз” семинар ва хаттотлик бўйича мастер-класслари киритилган.
Фестивал доирасида “Қуръон мўъжизалари ҳақида” талабалар конференцияси ўтказилади. Хитой Ислом Институтида 10 йилдан ортиқ араб хаттотлигидан дарс берувчи Абу Бакр Ма Вейвей мазкур санъат сирлари билан бўлишади.
Қуръон Фестивалига фахрий меҳмон сифатида Қоҳиралик олим Яҳё Хасан Вазирий таклиф этилган. Олимнинг Қуръон илмий феномени бўйича Бутунжаҳон қўмитасига киритилган мавзусига бағишланган ваъзлари тақдим этилади.
Ташкилотчилар илк бор Муқаддас Қуръон ёш ҳофизлари Умумроссия танловида иштирокчиларини саралайди. Мазкур танловда якшанба мактаблари ва мусулмонлар жамоалари ўқувчилари орасидаги 14 ёшгача бўлган болалар иштирок этишган.
Тадбир давомида “Масжидлар – Аллоҳнинг эҳромлари” Х-Умумроссия шеърият танлови совриндорларининг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади.
Москва Жомеъ масжиди Очиқ эшиклар куни кечки соат 22.00 га қадар давом этади ва моҳир ҳофизларнинг муқаддас Қуръон ўқиши билан якунланади.