Москвада Марказий Осиё мамлакатлари диаспоралари вакиллари мезбонлик қилишади.
Ҳар йили муборак рамазон ойида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Рамазон чодири” ҳайрия-маърифий тадбирининг расмий очилиш маросими 6 июнь кунида бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси Диний ишлар бошқармаси, Москва Диний ишлар бўйича идораси ҳамда Москва шаҳри хукумати кўмагида 11-бора ўтказилаётган мазкур тадбир диний алоқалар мустаҳкамлиги ва маданиятлараро ҳамжиҳатлик намунаси бўлиб келмоқда.
“Рамазон чодири”да ифторлик учун йиғилганлар миллати ва динидан қатъий назар, бир дастурхондан таом еб, маданий-маърифий дастурлардан баҳраманд бўладилар.
Муқаддас ой мобайнида Поклонной горедаги Мемориал масжиди ёнидаги майдонга тикилган чодирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Бошқирдистон, Туркия Республикалари кечалари, уйғур диаспораси, ҳинд мусулмонлари кечаси ташкиллаштирилади. давлат депутатлари, журналистлар, жамоат арбоблари, спортчилар ҳамда санъаткорлар меҳмон бўладилар.
Дастурда биринчи бора Қумиқлар, Покистон ватандошлиги ва бошқа кўплаб миллатлар вакиллари иштирок этишади.
13 июнь куни ўзбекистонликлар ўз меҳмондўстликларини намойиш этишади. Қизиқарли дастурдан ташқари, ўзбекона саҳоват ва марҳамат ташриф буюрувчилар учун кўнгилли бўлиши кутилмоқда.
Азиз юртдошлар, “Рамазон чодири” тадбирига марҳамат қилинг ва мусулмонлар меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлинг!