Москвада ҳар йили муборак рамазон ойида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Рамазон чодири” ҳайрия-маърифий тадбири ҳақида хабар берган эдик. Шу кунларда Марказий Осиё мамлакатлари диаспоралари вакиллари мезбонлик қилиб, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб борилмоқда.
Расмий очилиш маросими 6 июнь кунида бўлиб ўтган “Рамазон чодири” йиғинининг ўн учинчи кунида ўзбекистонликлар ўз меҳмондўстликлари билан бирга маърифий ва маданий дастурларини намойиш этишди.
Маросимни Мемориал масжидининг имом-хатиби Шамиль Аляутдинов кириш сўзи билан очди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси тарихи ва алломалари ҳақидаги видеолавҳалар намойиш этилди, куй-қўшиқлар янгради, муборак рамазон табриклари изҳор этилди.
“Рамазон чодири”да ифторлик учун ташриф буюрган нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам исломий бағрикенглик ва олийҳимматдан баҳраманд бўлдилар.
“Рамазон чодири” маърифий-маданий дастурлари ва ифторликлари Рамазон Ҳайити айёмига қадар давом этади.
Суратларда: “Рамазон чодири” маросимидан лавҳалар.