3 958 01/02/2024

Россияда мигрантларга рейдлар тўхтамаяпти. Аксинча, текширувларнинг сони кўпайиб, ноқонуний йўсинда ўтказилаётганига шикоятлар кўпайган. Рейдлар қачон тугайди, деган савол эса барча мигрантларни қийнамоқда. Ушбу саволларга экспертларнинг жавобларини олдик.

Миграция ҳуқуқи бўйича юрист, Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммад:

— Рейдлар Россия учун янгилик эмас. Кўп йиллардан буён муҳожирликда юрганлар буни билади. Ҳар сафар қандайдур катта сиёсий тадбир олдидан рейдлар кўпайиб, текширувлар ҳажми ҳам кенгайиб кетади. 2024 йил баҳорида, аниқроғи март ойининг 15-17 саналарида Россия президенти сайлови ўтказилади. Ҳозирги рейдларни шу сайловдан олдин ҳокимият, хусусан ҳозирги Россия президентининг ҳукумати ишлаётганликларини кўрсатиш учун, қанчалик фаол ишлаётганликларини намойиш қилиб, сайловчилар ишончини қозониш учун қилинаяпти, деб изоҳлашимиз мумкин. Аввал ҳам, масалан, 2016 ва 2012 йиллари сайлов олдидан қаттиқ рейдлар ўтказилар эди. Нафақат президент сайловлари, балки маҳаллий мэр сайлови олдидан ҳам қаттиқ рейдлар ташкилланади. Сиёсий тадбир қанчалик аҳамиятли экани ва сайловчиларнинг ишончи қанчалик муҳим эканини мигрантларга ўтказилаётган рейдлар масштабидан ҳам тушуниб олиш мумкин. Шунинг учун то сайлов тугамагунча, рейдлар сони ошаверади, камаймайди.

Жамоатчи, миграция ва оила ҳуқуқи бўйича юрист, блогер Зарнигор Омониллаева:

— Биласизми, ҳозирги рейдларнинг бир фарқли тарафи бор. Бу рейдлар Россиянинг Украинадаги Махсус ҳарбий операцияси давом этаётган вақтда ўтказилаяпти. Бу рейдларнинг қандай ташкилланаётгани ва бу рейдлардан кейин эълон қилинаётган натижаларга эътибор берсак, ўша фарқни кўрамиз. Бу рейдлар аввалгисига ўхшаб, ноқонуний юрган мигрантларни аниқлаш учун рейд эмас. Балки ҳарбий қайддан ўтмганларни аниқлаш учун қиланаяпти. Ноқонуний мигрантларни текшириш эса қўшимча бўлиб кетаётган жараён. Менимча, айнан мигрантлар, деб рейд ўтказишлари Россия фуқароларини текшираяпмиз, дейишдан камроқ ваҳима уйғотади. Қолаверса, маҳаллий аҳоли тарафидан мигрантларни текшириш яхши қарши олинади. Шунинг учун мигрантларга рейдлар номи асосида аслида Россия фуқаролигини олганларга рейд бўлаяпти. Уларни ҳарбий рўйхатдан ўтгани текширилаяпти. Шу сабабдан рейдларнинг қачон тугаши ҳақидаги саволнинг жавоби Украинадаги Махсус ҳарбий операция қачон тугайди, деган саволга берилган жавоб билан бир хил бўлади. Қачон Украинадаги ҳарбий операция тугаса, ҳозирги рейдлар ҳам ўшанда тугайди. Мажлисларда берилаётган рақамларга эътибор берайлик, Москва ва Москва областида 2000 дан ортиқ киши ҳарбий қайддан ўтказилиб, ҳарбий хизматга йўлланаяпти. Демак, маълум маънода ҳуқуқ идораларининг наздида рейдлар самарасиз эмас. Бундай натижа кўрсатаётган рейдларни тўхтатиш ва тугатиш устида ҳеч ким ўйлаб ўтирмайди, аксинча, уларнинг ҳажмини кенгайтиради.

«Putin uchun o‘lish»: Markaziy Osiyoliklarning Rossiya armiyasidagi fojiasi

Navigatsiya