Маҳаллий манбалар иккита кучли портлаш ҳақида ёзган ва Телеграм каналлари томонидан чоп этилган фотосуратларда кўприкнинг икки оралиқ қисмидаги жиддий талафотларни кўриш мумкин.
Душанбага ўтар кечаси Россиянинг Краснодар ўлкаси билан аннексия қилинган ярим оролни боғловчи Қрим кўпригида портлаш содир бўлгани айтилмоқда. Натижада икки киши ҳалок бўлган, кўприкда ҳаракат тўхтатилди.
Россия расмийларининг баёнотига кўра, Кубандан Қрим кўпригининг 145-таянч устуни ҳудудида «фавқулодда вазият» содир бўлган. Маҳаллий манбалар иккита кучли портлаш ҳақида ёзган ва Телеграм каналлари томонидан чоп этилган фотосуратларда кўприкнинг икки оралиқ қисми жиддий зарар кўрганини кўриш мумкин. Таманга кетувчи томонда оралиғи вайрон бўлган, Керч томон бўлган масофа чўккан, деб ёзади Shot телеграм канали.
Портлаш оқибатида Белгород вилоятида яшовчи эр-хотин ҳалок бўлди, уларнинг 14 ёшли қизи оғир яраланиб, касалхонага ётқизилди.
Россия ҳукумати Керч бўғози орқали кўприкнинг иккала линияси, автомобил ва темир йўл ва паром ўтиш жойи – барча транспорт қатновини ёпиб қўйган.
Тез орада поездлар ва паромлар ҳаракати тикланиши айтилмоқда, бироқ Қримга ёки Қримдан автомашинада кетаётганларга Украинанинг қуруқлик қисмидаги босиб олинган ҳудудлари орқали йўл олиш тавсия этилмоқда. Бундан ташқари, Қрим шарқида сайёҳлар учун вақтинчалик жойлаштириш марказларини очиш режалаштирилмоқда.
Бу Украинада уруш бошланганидан бери аннексия қилинган ярим оролга олиб борувчи кўприкда содир бўлган иккинчи йирик ҳодисадир. Аввалги воқеа ўтган йилнинг октябр ойида содир бўлган эди.
Расмий равишда Украина расмийлари кўприкка етказилган зарар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Бироқ СБУдаги манбанинг айтишича, Қрим кўпригига тунги ҳужум Украина армиясининг денгиз кучлари ва Украина Хавфсизлик хизматининг махсус операцияси бўлган.
“Кўприкка ер усти дронлари билан ҳужум қилинган. Кўприкка етиб бориш қийин бўлди, лекин охир-оқибат бу амалга оширилди”, — деган манба.