Мақола

2 734 16/02/2023

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Қора камар қишлоғига Украина ҳудудидаги жанг майдонида ҳалок бўлгани айтилган икки ўзбекистонликнинг жасади келди.

“Озодлик”нинг аниқлашича, бири 26, яна бири 24 яшар бўлган йигитларнинг тобути 19 январь куни Россиядан Ўзбекистонга олиб келинган ва шошилинч равишда дафн қилинган.

Бобур Абдумўминов ва Шаҳриёр Жалоловнинг тобутлари “Украинада урушда ҳалок бўлган” деган ҳужжат билан ватанига жўнатилган ва “Озодлик” шахсини аниқлашга муваффақ бўлган биринчи ўзбекистонликлардир.

Украинанинг Донецк областида ҳалок бўлган самарқандлик 24 яшар Шаҳриёр Жалоловнинг тобути 19 январь куни Булунғур туманидаги Катта килдон қишлоғига олиб келинган.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, марҳум йигит тобутига қўшиб, унинг ўтган йили 16 декабрда Украинанинг Донецк областида ўлгани қайд этилган ҳужжат ҳам берилган.

“Озодлик”да нусхаси мавжуд “Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома”да ҳужжат Россиянинг Ростов-Дон области ФҲДЁ идорасидан 2023 йил, 10 январь куни берилгани қайд этилган.

Яқинларининг айтишича, Шаҳриёр собиқ меҳнат муҳожири. У Россияда қамоқ жазосини ўтаётган бўлган. Яқинлари унинг қандай қилиб урушга бориб қолганию қандай ҳалок бўлганидан хабари йўқлигини айтмоқда.

Самарқанд вилояти ФҲДЁ идорасидан берилган ҳужжатда ўлим сабаби “кўп қон йўқотиш” деб кўрсатилган.

19 январь куни айни шу тумандаги Қора камар қишлоғига яна бир ёш йигит – 26 яшар Бобур Абдумўминовнинг тобути келтирилди . Унинг ҳам Украинада ўлгани айтилган.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, Россияда меҳнат муҳожири бўлган Бобур саккиз ой муқаддам қамоққа ташланган. Отаси билан ўтган йилги телефон мулоқотида “паспорт муддати битгани учун” қамоққа ташланганини айтган, аммо бошқа маълумот бермаган.

Бобур Абдумўминовни Россияда таниганлар билан мулоқотда бўлганини айтган дўстининг гапидан тушунилишича, уни қамоқда, бошқа маҳбуслар билан бирга “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёллаган.

“Танишларнинг айтишича, унга Украинада бир ой урушиб келсанг, қамоқ жазосидан оқланасан ва уйингга қайтасан, дейишибди. Бунинг устига, 3 минг доллар пул ҳам оласан, дейишган. Бобур Россиядаги дўстига телефон қилиб айтган экан. Ўша дўсти менга хабар қилганди: “Оиласига айтма, Бобур Украинага урушга кетди, деб. Онаси қаттиқ касал, шунга айтмаган эдим”, деди исмини сир сақлаш шарти билан “Озодлик”ка гапирган қора камарлик йигит.

Бобур яшаган “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, у оилада якка ўғил бўлган. Россияга бир неча йил муқаддам ишлагани кетган ва у ерда турли қора ишларда ишлаб юрган.

– Оиласи билан тез-тез мулоқотда бўлганмиз. Россияда ишлаб юрибди, ишлари яхши, дейишарди. Оиласининг ҳам бу ишлардан хабари бўлмаган, афтидан,- деди маҳалла йиғини расмийси.

Айни пайтда Россиянинг турли ҳудудларидаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган Марказий осиёлик маҳкумларнинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида маълумотлар тобора кўпаймоқда.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган юрист Ботиржон Шермуҳаммадга кўра, “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) орқали қамоқдан урушга шартнома асосида ёлланган Марказий осиёлик маҳкумларнинг жасадлари Россиянинг Ростов вилоятида йиғилиб, Ўзбекистонга юборилаётгани ҳақида маълумот бор.

Шу кунга қадар Россия ҳудудида ва қамоқхоналарида бўлган ўзбекистонликларнинг шартнома асосида Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида кўплаб норасмий маълумотлар тарқатилган.

Ўтган йил сентябрида “Редут” хусусий ҳарбий ширкати томонидан ёлланиб, Украинага йўлланганини айтган икки ўзбекистон асир тушгани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди.

Ўша пайт маълум қилинган хабарда, ўзбеклар Украинанинг 25-ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклея шаҳри остонасида рус қўшинлари сафини ёриб ўтиши пайтида қўлга олингани айтилган.

Қўлга олинган асирлар Ўзбекистондан экани, хусусий ҳарбий бўлим таркибида миномётчи сифатида жанг қилганини айтишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, республиканинг бошқа ваколатли органлари ҳам қўлга олинган ўзбекистонликлар акс этган видеога ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Бу йигитларнинг кейинги тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи миграция агентлиги доимий равишда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликка тушмасликка, ҳеч бир томон қуролли кучлари сафига кирмасликка чақириб, армия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хизматга кириши   жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб келади.

Ўзбекистоннинг Россияда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг муаммолари билан шуғулланувчи ваколатли давлат органлари Украинадаги жанговар ҳудудга қандайдир йўл билан тушиб қолган ўз фуқаролари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермаган.

Манба: “Кокшетау Азия”.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация