Мақола

1 311 22/05/2023

Улар иш ҳақи 240 минг рублгача бўлган «қоровуллар»ни ишга таклиф қилишган.

ВВC рус хизмати Москва давлат бюджетининг «Жилишник» муассасаси томонидан турар-жой биноларини таъмирлаш билан шуғулланадиган «қоровуллар»ни ишга таклиф қилган эълонларига эътибор қаратган. Бундай бўш иш ўринлари, хусусан, Кузьминки ва Рязан туманининг “Жилишники” муассасалари томонидан ҳам берилган.

«Қоровуллар»га 170-240 минг рубль миқдорида маош, жанговар ҳаракатлар фахрийси мақоми, имтиёзлар, болалар учун тўловлар ва «икки йил давомида асосий иш жойини сақлаб қолиш» ваъда қилинган. Шу билан бирга, иш тажрибаси талаб қилинмайди, аммо 2 ой мобайнида тайёргарликдан ўтиш кераклиги кўрсатилган.

Кузминьки туманидаги «Жилишник» муассасаси бўш ўрин «Россия Мудофаа вазирлиги» билан боғлиқлигини кўрсатган, Рязан туманидаги худди шу ташкилот  эълонида эса бундай маълумот йўқ.

ВВC рус хизмати мухбири эълонларда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилганда жавоб берган шахс «гап ҳарбий хизмат учун шартнома тузиш ҳақида, бу махсус операция зонасидаги иш», деб тушунтирган.

«Шартнома Мудофаа вазирлиги билан бўлади, фақат Москва шаҳридан қўшимча тўлов эвазига сизни ”Жилишник” давлат бюджет муассасаси ишга олади. Сиз гўёки шу ташкилотдан боргандек бўласиз”, деган жавоб берувчи.

ВВC рус хизмати манбаси нега бўш ўринга қоровуллик кўрсатилганини сўраганда: «Чунки бундай бўш иш ўринларини Мудофаа вазирлигига алоқадор бўлмаган ташкилот эълон қила олмайди», деб жавоб берилган.

19 май куни эрталаб ушбу хабардаги бўш иш ўринлари йўқ қилинган.

2022 йил декабрь ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу армияни кенг кўламли ислоҳ қилишни эълон қилди, бу бошқа тадбирлар билан бир қаторда қўшинларнинг умумий сонини сезиларли даражада – тахминан 500 минг кишига кўпайтиришни англатади.

Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги шартнома бўйича аскарларни ёллашни кенгайтиришга, Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши пайтида етказилган йўқотишларнинг ўрнини  мамлакатда ички норозиликни келтириб чиқармаслик учун янги сафарбарлик тўлқинини эълон қилмасдан қоплашга ҳаракат қилмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация