Мақола

1 148 28/08/2023

Калуга вилоятида Россия фуқаролигини олишга қарор қилган хорижликлар биринчи навбатда ҳарбий хизмат учун шартнома тузишни талаб қилиб, ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортишмоқда, деб хабар берган ҳуқуқ ҳимоячиси Татяна Котляр «7×7 — Горизонтальная Россия» нашрига.

Котлярнинг сўзларига кўра, бу каби  бешта ҳолат маълум, аммо чет элликларнинг ўзлари ва уларнинг қариндошларининг сўзларига қараганда, Калуга вилоятида янада кўпроқ одамлар бундай вазиятга дуч келишган. Ҳуқуқ ҳимоячиси вилоятдаги Омбудсманга ариза йўллаган, аммо жавоб олмаган.

Тожикистонда истиқомат қилувчилардан бирининг айтишича, фуқароликка мурожаат қилишда ундан ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузилгани тўғрисида ҳарбий комиссариатдан маълумотнома тақдим этиш талаб қилинган. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, у ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузишга тайёр бўлган, бироқ вояга етмаган беш нафар фарзанди борлиги туфайли “военкомат”да унга рад жавоби берилган. Фуқаролик учун ҳужжатларни барибир қабул қилишмаган. Тожикистонлик яна бир муҳожир, деб ёзади “7×7”, соғлиғи сабабли шартнома асосида хизматга олинмаган. У ҳам маълумотнома ололмай, ҳужжатларни топшира олмаган.

Ўзбекистонлик фуқаро ҳам фуқароликка ҳужжат топширишда Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузилганлиги тўғрисидаги маълумотнома талаб қилинганини маълум қилган:

“Мен умидсиз ҳолга тушдим, чунки бу ҳақда гуруҳдаги ватандошларимдан эшитган эдим. Мен уларга фақат Россия Федерацияси фуқаролари имзолаши мумкинлигини айтдим. Бу ерда биз хорижликмиз, зўрлик билан юборишга ҳақлари йўқ. Инспекторларнинг ҳаммаси бир хил: шартнома учун қайтараверади. Буларнинг барчаси қуруқ гап, ҳеч қандай тушунтириш беришмайди. Бундан ташқари, улар маҳбусларга бўлганидек қўпол гапиришади, кўпинча бақиришади”.

Унинг сўзларига кўра, Калуга вилоятида Россия фуқаролигини олишда қийинчиликлар апрель ойида бошланган. Эндиликда фуқароликка ҳужжат топшираётган барча эркаклар, унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматга жўнатилади, аёлларнинг ҳужжатлари эса муаммосиз қабул қилинади.

2022 йил сентябрь ойи охирида Владимир Путин Россия Федерацияси қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган хорижликларга фуқароликни соддалаштирилган тарзда бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, фуқароликни соддалаштирилган тартибда олиш учун чет эл фуқароси камида бир йил муддатга шартнома тузиши ва камида олти ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши керак.

2023 йил август ойи ўрталарида полиция Санкт-Петербург жанубида икки кунлик рейд ўтказди, шундан сўнг улар Россия фуқаролигига эга бўлган 100 дан ортиқ муҳожирни ҳарбий рўйхатга олиш учун “военкомат”ларга олиб кетишди.

Ғарб ва мустақил россиялик экспертлар Россия ҳукумати Россия аҳолисининг норозилигидан қўрқиб, янги сафарбарлик тўлқинини эълон қилишни истамаслигини ва Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлар ҳисобидан қўшинларни тўлдиришга ҳаракат қилаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация