Maqola

1 891 17/06/2023

Кеча Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми-2023 доирасида “Газпром” бошқарув қўмитаси раиси Алексей Миллер Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов билан учрашди.

Унда газ соҳасида ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар Россия газини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш бўйича шартнома ва Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия газ қувури орқали қабул қилиш ва ташишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси”ни имзолашди.

Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга экспорт қилишни бошлаш режалаштирилган сана 2023 йилнинг тўртинчи чораги деб келишилди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ички етказиб бериш ва учинчи давлат бозорларига, жумладан, Хитойга етказиб бериш учун газ иттифоқини яратиш масаласини муҳокама қила бошлади.

“Газпром”нинг МДҲдан ташқари давлатларга, жумладан, Хитой ва Туркияга экспорти 2022 йилда деярли 46 фоизга қисқариб, 100,9 миллиард куб метрни ташкил этди, бу асосан Европа Иттифоқига етказиб беришнинг қисқариши ҳисобига содир бўлди.

Экспортнинг пасайиши ортидан “Газпром”нинг 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 20 фоизга камайиб, 412,6 миллиард куб метрни ташкил қилди. Газпром газ қазиб олиш ва экспорт статистикасини ошкор қилишни тўхтатди.

Европага газ экспорти камайгани сабабли Газпром газ ҳажмининг бир қисмини Марказий Осиё мамлакатларига йўналтиришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йилнинг ноябр ойида компания Қозоғистон ва Ўзбекистон билан Россия газини ушбу мамлакатларнинг ички бозорларига етказиб бериш ва унинг Хитойга эҳтимолий транзити бўйича “газ иттифоқи”ни яратиш масаласини муҳокама қила бошлаган.

Бу йил қишда Ўзбекистон ғайритабиий совуқлар ва Туркманистондан газ етказиб беришнинг тўхтатилиши натижасида юзага келган энергетика инқирозига дуч келди. Мамлакатда электр энергияси оммавий равишда узилди, иссиқлик таъминоти ва истеъмолчиларга газ таъминотида узилишлар кузатилди. Ўзбекистоннинг ўз ишлаб чиқариши заҳиралар тугаши туфайли камайиб бормоқда, қишда эса истеъмол қилинган вақтда кунига 20 миллион куб метр газ етмай қолди. 2022м йилда мамлакатда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга камайиб, 51,7 миллиард куб метрни ташкил қилди. 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 56,3 миллиард куб метргача ошиши мумкин.

Қиш мавсумидаги танаффуслар туфайли Ўзбекистон Хитойга экспорт мажбуриятларини бажара олмади ва уч ой давомида етказиб беришни тўхтатиб қўйди. Пекин ва Тошкент ҳар йили 10 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган, бироқ бу ҳажмлар ҳеч қачон тўлиқ етказиб берилмаган.

“Ўзтрансгаз”нинг хабар беришича, Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинади. Ҳажмлар ойдан ойга ўзгариб туради, қишда етказиб бериш минималдир. “Ўзтрансгаз” раҳбари Беҳзод Нарматов 2025-2026 йилларда Ўзбекистон Хитойга газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкинлигини айтган эди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya