РФ ИИВ 2022 йилнинг дастлабки беш ойида хорижликларни рўйхатга олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баравар кўпайди, – деб хабар беради ТАСС.
Жорий йилнинг беш ойида миграция бўйича рўйхатга олинган хорижий фуқаролар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпайди. РФ ИИВнинг 2022 йил январь-май ойларидаги маълумотлар шуни кўрсатмоқда.
“2022 йил январь-май ойларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг миграция рўйхатидан ўтганлари 6 607 639 нафарни ташкил этди”,- дейилади вазирлик ҳисоботида.
Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 3 893 014 нафарни ташкил этган. Бундан ташқари шу йилнинг беш ойида меҳнат патентларини бериш ҳам кўпайди.
“2022 йилнинг январь – май ойларида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 845 494 та патент берилди”,-дейилади ҳисоботда, бу ўтган йилнинг шу даврига (538 704) нисбатан 306 790 тага кўп.
Ишлаш учун рухсатномалар ўтган йилдаги 28 минг ўрнига бу йил 35 мингтадан ошди.
РФ ИИВ аввалроқ, 20 май ва 6 июнда бир қатор давлатлар билан транспорт алоқаларига қўйилган чекловлар бекор қилинганлиги ҳақида хабар берган эди. Бундай мамлакатлар орасида Абхазия, Белоруссия, Қозоғистон, Хитой, Монголия, Жанубий Осетия, Арманистон ва Қирғизистон бор. Шу муносабат билан ушбу давлатларнинг яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олмаган фуқаролари белгиланган саналарда – 17 август ва 3 сентябрдан кечиктирмай Россияни тарк этишлари керак. Транспорт чекловларини бекор қилиш муносабати билан давлатлар рўйхати яна кенгайиб бормоқда.