Мақола

1 240 31/10/2023

Уй-жой коммунал хўжалигида фаррош (дворник)ларнинг кескин етишмаслиги бор гап. Йил давомида улар учун бўш иш ўринлари сони бир ярим баробар ошди, деб хабар берди РИА Новости «Авито Работа» хизматига таяниб. Таҳлилчиларнинг фикрича, иш ҳақи таклифлари ҳам ошган. Россияда “дворник”нинг ўртача ойлиги деярли 33 минг рублга етди.

Москванинг турли ҳудудларида фаррошларнинг етишмаслиги 30 фоиздан 50 фоизгача, деган эди Давлат Думасининг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги қўмитаси раисининг ўринбосари Светлана Разворотнева 2023 йил бошида.

Унинг сўзларига кўра, Москвада улар учун ўртача иш ҳақи 50-70 минг рублни ташкил қилади.

Ҳокимият коммунал хизматчилар тақчиллиги билан қандай курашмоқчи?

Уй-жой ва коммунал хўжалик бошқаруви компаниялари гилдиясининг ижрочи директори Вера Москвина шундай дейди:

“Уй-жой коммунал хўжалигида кадрлар муаммоси ҳеч қачон ҳозиргидек долзарб бўлмаган. Барча муҳожирлар “доставка” хизматига кетиб қолган. Бизнинг тарифларимиз жуда паст – 28 минг рублдан 40 минг рублгача. Мигрант эса “етказиб бериш”да ойига 100 минг рубл олади. Буни таққослаб бўлмайди. Биз эса бу ставкаларни ошира олмаймиз, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Аҳолининг бошқарув компанияси хизматлари учун тўлайдиган ижтимоий ставкаси инфляция ва бошқа иқтисодий офатларга қарамай 20 йил давомида ўзгармади.

Нега фаррошларнинг ойликлари оширилмайди? Ушбу ставка фақат умумий йиғилиш қарори билан аҳоли томонидан ўзгартирилиши мумкин.

Мигрантлар исталган вақтда Россиядаги қандайдир вазият, доллар курси ва ҳоказоларни ёқтирмаса, кетиб қолиши мумкин. Қурилиш ҳам кўпроқ муҳожирларни тортиб олмоқда. Бугун биз Красногорск яқинидаги СберCити қурилиш объектида эдик. Собиқ ходимларимизнинг 70 фоизи у ерда ишлаяпти”.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси мутахассислари орасида слесарларга талаб ҳам сезиларли даражада ошган. Улар учун 2,5 баробар кўп бўш иш ўринлари мавжуд, дейилади тадқиқотда. Иш ҳақи таклифлари 40 фоизга – 67 минг рублгача ошган. Дурадгорлар, электриклар ва сантехниклар ҳам иш ўринлари ўсиши бўйича олдинги бешликка кирган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация