Маълумотларга кўра, муҳожирликда бўлган ўзбекистонликлар сони 2,3 млн ва уларнинг 70 фоизи Россияда.
Россияда санкциялар ортидан иш имконлари камайди, маошлар миқдори тушди. Лекин кўплаб ўзбек мигрантлари ватанга қайтмоқчи эмас. Нима учун? Россиядаги мигрантларнинг бугунги ҳолати, ўй-кечинмалари, хавотири ҳақида ҳозирда Москвада ишлаётган самаркандлик муҳожир Бахтиёр Турсунов Би-би-сига гапириб берди.
Ойликлар пасайди
Можаролар бошланган пайтда бир-икки киши қўнғироқ қилди. Фирмамиз иши тўхтади, ишсиз қолаяпмиз. Иш бўлса ёрдам қиласизми, дейишди. Қурилишда, кўча тозалашда ишлайдиган танишларимиз бор. Уларда иш ҳар доимгидек давом этаяпти. Фақат ойликлар доллар кўтарилгани ҳисобига бироз пасайди.
Менимча, ишсизликнинг Марказий осиёлик мигрантларга жуда катта таъсири бўлгани йўқ. Бизникилар қўпол қилиб айтганда, «қора» ишда – қурилиш ва ободонлаштириш ишларида кўпроқ ишлашади. Уларда деярли қисқариш бўлгани йўқ. Аммо Ўзбекистонга кетаётганлар ҳам кўп. Уларнинг кўпчилиги олдиндан келиб ишлаган, бир-икки сўм пул орттирганлар бўлаяпти. Бизга ўхшаган янги келганлар ҳали қолиб ишлашга мажбурмиз.
Ўзимга қолса, уйга кетардим
Москва ҳамон қурилиш ва ободонлаштириш соҳаларида мигрантларга муҳтож. Мен яқинда уйга бориб келгандим. Москвага қайтганимга 3 ой бўлди. Москвага энди келган одамнинг ўртача икки ойлик пули ўзини тиклаб олишга кетади. Кимдир чиптани қарзга олиб келади.
Келганидан кейин бир ойни ичида ҳам «регистрация»га (миграция рўйхатига қўйиш ), ҳам патентга, ҳам ижара уйга тўлаш керак. Улардан орттириб, ишлаб йўл пулини чиқараман дегунчаям бир-икки ойлик пул кетади. Ўзини тиклаб яна уйга пул юбориш керак.
Бирон йил ишлаб кетаман дегандим, вазиятга қарайман. Тинч, яхши бўлиб турса, бир йил ишлаш ниятим бор. Ўзимга қолса, уйга кетардим. Ҳамма ҳам кетишни истайди, аслида. Ҳар доим қани кетсак, уйга борсак, деб яшаймиз. Лекин борганимиз билан ҳозирги шароитда кўпчиликка ўзимиздаям иш йўқ.
Доллар кўтарилиб кетса ҳам кетмайман
Бир таниш кўча супурувчи ака билан гаплашдим. Кетасизми, деб сўрасам, йўқ деди. Доллар кўтарилиб кетса ҳам кетмайман, дейди. Нега, десам, Мен бу ерда ишлаб топган пулимни Ўзбекистонда топа олмайман, деб дардини айтиб қолди.
«Қишлоққа борсам нима иш қиламан? Чорва қилай десам, яйловнинг ҳаммасини «катталар» эгаллаб олди. Деҳқончиликка шароит ёмон бўлиб кетаяпти. Сизлардек қўлимда бир хунарим йўқ. Бориб кўча супурганимда ҳеч ким менга бунча ойлик бермайди. Рубл тенгма тенг пасайган тақдирда ҳам, ойлигим ҳеч бўлмаса, 400 доллар бўлади. Ўзбекистонда бунча пул топа олмайман-ку», – деди амаки.
Мигрантлар пишиқ: бир ойлик пулларини заҳирада ушлашяпти
Уйга пул юборишда доллар сотиб олмаяпмиз. «Золотая корона» каби иловалардан фойдаланаяпмиз. «Сбербанк» рублимизни ўзи долларда конвертация қилиб ўтказаяпти. Яқинда уйга пул юбордим, доллар курси 82 (82 рубл – 1 доллар – таҳр.) дан ҳисобланди. Баъзилар пул юбормай, доллар тушишини кутишаётганини айтишаяпти. Шу бўйича 3-4 киши билан гаплашдим, ҳаммасида шундай. Ҳақиқатдан ҳам пандемия даврида кўпчилик кетишга қийналиб қолди. Бу ерда кета олмай оғир вазиятда қолиб кетганлар бўлди. Шундан сўнг мигрантлар анча пишиқ бўлиб қолди. Бир ойлик пулларини заҳирада ушлаб туришибди.
Ҳаммада хавотир бор
Иш бўлиб турса, шароит яхши бўлиб турса, бу ерда кайфиятимиз доим шунга яраша. Жуда яхши деб ҳам бўлмайди, ёмон деб ҳам. Чидаса бўлади. Хотиржамлик жойида эмас-да, барибир. Яхши бўлиб кетармикин, тинчирмикин, дея олдинга қараб ўйланасиз. Эртага 10 кундан кейин нима бўлади, 1 ойдан кейин-чи? Шундай хавотирлар бор. Ҳаммада хавотир бор. Танишлар билан гаплашиб қолсак, уларда ҳам шу гап: нима бўлар экан, нима қиламиз экан?
Бир ойлик пулни заҳирада ушлаб ўрганишди.
Карантин пишитди-да. Карантин даврида вазият қандай бўлиб кетганини ҳамма кўрди. Шунинг учун кўпчилик бир ойлигимни уйга юбормай ушлаб турибман, жуда бўлмаса, уйга кетиб қоламан, дейишади.