Maqola

362 27/11/2023

Муҳожирлик оғир. Оғир сўзининг том маъносини тирикчилик учун йиллаб оилаларидан, фарзандларидан узоқда яшаб ишлаётганлар ҳис қилади.

Сўнгги 2 йил Россиядаги мигрантлар учун оғирдан ҳам оғир кечаяпти.

Миллатчилик, қимматчилик, хужжат тўловларининг кўплигига мигрантлар кўникиб ҳам бўлганди. Доллар курсининг кўтарилиб кетиб, ҳар ой уйга юбораётган пуллари тенг ярмига камайгани устига, уруш сабаб ҳаловат ҳам кетди.

Россия фуқаролигини олган мигрантларга фронтга сафарбарлик таҳдиди, тинчгина ишлаб юрган ўзбекистонликларга фуқаролик ва катта пул эвазига урушга ёлланиш таклифи,  айрим хужжатсиз ё соддароқ мигрантларга таклифнинг босимга айланган шакли, қамоқдаги мигрантларни урушга ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий олиб кетилинишлари, мигрантларнинг қамалиши ҳоллари кўпайгани ва айниқса, рейдларнинг кучайиб кетгани Россияда ишлаб пул топиш ўзбекистонлик мигрантлар учун қанчалик таҳликали бўлиб қолганини кўрсатаяпти.

Россияда ўзбекистонликларга алоқадор янгиликлар ҳам уларнинг вазиятларини янада оғирлашиб бораётганидан даракдир.

Ўтаётган хафтада Митишидаги савдо марказида намоз ўқиган муҳожирлар қаршиликка дуч келди;

Москва яқинидаги Люберцидаги масжидга Россиялик киши тўсатдан кириб граната портлатиб юборишига уринди. Уни тожик муҳожири Муродали Қувватов тўхтатиб қолди;

Москва вилоятида миллатчи эркак  кекса одамни “ўзбек” деб калтаклади;

Россиянинг яна бир қатор ҳудудларида оммавий рейдлар бўлиб ўтди.

Рейдлар нега кучайиб кетди?

Миграция масалалари бўйича экспертлар бу рейдлардан мақсад ишчилар орасида Россия фуқаролиги борларни топиб, паспортини оқлаш учун Украинадаги урушга жўнатиш эканлиги билан изоҳлашмоқда.  Яна бир сабаб эса, нелегал мигрантларга урушга ёлланиш таклифи.

Кўп ҳолларда қўлга тушиб депортация бўлиш арафасидаги чорасиз мигрантда икки танлов қолади:

уйга қайтиб ишсиз пулсиз қолиш, ёки урушга кетиб тирик қайтса пул ва Россия фуқаролигини олиш.

Бошқа йўллар ҳам бор, кўп. Афсуски, ҳамма мигрантлар ҳам бошқа вариантларни кўравермайди.

Хуллас, уруш тугамагунча, рейдларнинг тугашига умид қилмаса ҳам бўлади. Уруш тугаса ҳам, рейдлар тугамайди. Мигрантларни текшириш учун ҳамиша сабаб топилаверади.

Россия ҳукумати ноқонуний муҳожирларни ушлаш учун бор кучини ишга солган.

Бир неча йилдан бери Москвада хужжатсиз ишлаб юртган самарқандлик муҳожир метрода кузатув камераси орқали қўлга олинганини бизга хабар қилди.

Москва метросида нолегал мигрантларни юз таниш камераси ишга тушган. Муҳожирнинг айтишича, “Лефертово” бекатига тушган пайти ҳар бир бекатдаги полиция ходимларига хабар кетган. Вагон ичида кетаётганида ёнига полиция келиб ушлаган. Манзилидаги бекат чиқишида эса бекатдаги полициячилар келиб уни маҳкамага олиб кетган.

Самара вилоятида эса ноқонуний муҳожирлар дронлар ёрдамида қўлга олинди.

Мигрантлар ишлайдиган қурилиш объектини рейд учун полиция ва ОМОН босади.

У ердаги хужжатсиз мигрантлар ҳар томонга қочишни бошлайди. Бироқ, полиция ва ОМОН яхшигина тайёргарлик билан келганди: улар дронларни ишга солди.

Қочоқ мигрантлар қочган ва яширинган жойларидан топиб, маҳкамага олиб кетилди.

Муҳожирларнинг наркотик савдосида айбланиб, қўлга олинишлари ҳам давом этаяпти.

Жумладан, ўтаётган хафта Астраханда ўзбекистонлик муҳожир гиёҳванд моддалар савдосида гумонланиб қўлга олинди.

Шаҳарда 20 кишининг гиёҳвандлик моддасидан заҳарлангани бу жиноят ишининг очилишига сабаб бўлган. Россия Ички ишлар вазирлиги заҳарлаганларга дори воситаларини сотишда гумон қилинган уч нафар хорижликни қўлга олинганини маълум қилган. Гумонланувчилар Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларининг уч нафар фуқароси эканлиги айтилмоқда.

Ҳар йили ноябрь-декабр ойларида Россия ҳукумати мигрантлардан келаётган солиқ миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқа бошлайди.

Ахир, давлат бюджети йилига патент солиғидан тушадиган миллиардлаб рублга бойимоқда.

Жумладан, ўтган йили биргина Москванинг ўзи мигрантларнинг патент солиғидан 32 миллиард рубл даромад қилган. 

Бу йил ҳам декабрь бошланмай туриб, бир неча ҳудудлар патент тўлови нархи ошишини эълон қилди.

Патент солиғи тўловининг ошиши манзарасида Россия Фан ва таълим вазирлигининг муҳожирлар учун рус тили имтиҳони сертификати нархини  1000 рублга арзонлаштириш ва барча учун ягона нарх қилиб белгилашни таклиф қилгани ижобий хабардек кўринади.

Имтихон нархининг нега тушириш кераклигини вазирлик “Миқдор имтиҳон тартиби нархидан келиб чиқиб ҳисобланади”— дея изоҳлади.

Аммо Россия расмийлари нима учун мигрантлар рус тилини билишини тасдиқловчи имтиҳонга ҳар 5 йилда пул тўлаб қайта топширишлари ҳалигача изоҳламайди.

Ўрганилган тил 5 йилда унутилиб қоладими?

Аксинча, мигрант 5 йил давомида Россияда яшаб ишласа, рус тилиси янада яхшиланмайдими?

Бундан 10 йиллар олдин на Ўзбекистон матбуотида, на Россия матбуотида Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга оид хабарларни топиш амримаҳол эди.

Сўнгги йилларда вазият ўзгарди. Россия матбуотида ўзбек мигрантларнинг одам ўлдиргани, аёлларни зўрлагани, наркотик билан қўлга тушгани, шунга ўхшаш хабарлар билан тўлиб тошди. Ўзбек нашрлари эса уларни текширмай ҳам таржима қилиб беришдан тўхтамай қолди.

Аммо миллионлаб ўзбекистонликларнинг нега тирикчилик учун Россия, Туркия, Қозоғистон ёки Жанубий Кореяга бориб ишлашга мажбур бўлаётгани, нега 30 йилда ҳам ватанда иш ўринлари яратилиб, миграция ортидан келиб чиқаётган муаммоларнинг ҳал этилмаётгани ҳақидаги контентлар деярли йўқ.

Ўтаётган хафтада Имомали Раҳмон Владимир Путин билан учрашди ва тожикистонлик мигрантлар масаласи кўтарилди.

Россия президенти Тожикистон раҳбарига муҳожирлар масаласи муҳимлигини таъкидлаб, Россияда уларга муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимоя қилиш истагини билдирди.

Тожикистоннинг Россиядаги ишчи фуқаролари учун қайғуриши ҳоллари биринчиси эмас. Қирғизистон ҳукумати ҳам Россиядаги мигрантлар учун ҳар қандай баҳсли ҳолатларда туриб беради.

Ўзбекистон эса ҳамма вақт, ҳар қандай ҳолатда ўз фуқароларини огоҳлантиради.

Қишда исиниш учун вагончада печка ёқиб ёниб кетиб вафот этишаяптими, ҳавфсизлик қоидаларига риоя қилинг деб огоҳлантирилади.

Ўзбекистонлик мигрантлар ноҳақ қамалаяптими, Россияда қонуний юринг деб огоҳлантирилади.

Мигрантлар Россия қамоқхоналарида урушга мажбурий олиб кетишаяпти, ёрдам беринг, дейишаяпти, Ўзбекистон “Урушга ёлланганлик учун Ўзбекистонда қамаласиз” деб огоҳлантиради…

Ўзбекистонда машҳур бир шиор бор: “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган.

Шундоқ ҳам оғир бўлган вазиятингизни тобора оғирлашиб бораётганини кўриб шиорни салгина ўзгартирамиз:

Ўз жонингни ўзинг асра, муҳожир!

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya