Мақола

1 130 19/11/2023

Россияда кунда-кунора Марказий Осиёлик  муҳожирларнинг жинсий зўравонликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида хабарлар чоп этилади. Кўпгина нашрларнинг янгиликлар ленталарида “Мигрант 76 ёшли кампирни зўрлади”, “Мигрант шеригининг 12 ёшли қизига тегишди” каби бадбўй сарлавҳали хабарлар берилади.

Ва ҳар сафар, бу шов-шувли сарлавҳалар пайдо бўлгандан сўнг, Россия Тергов қўмитаси раҳбари, ҳатто, айтиш мумкинки, муҳожирларга нисбатан нафрати билан танилган Александр Бастрикин бундай шов-шувли ишларни ўз назоратига олади.

Масалан, Сургутда тожикистонлик такси ҳайдовчиси 15 ёшли қизни ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарни олайлик. 2023 йил 7 ноябрда миллатчи “Русская Община ZOV” телеграм канали бу ҳақда овоза қилганидан сўнг, Бастрикин дарҳол, одатича, бу масалани ўз назоратига олди.

Миллатчи каналга кўра, гўёки 2023 йил июль ойи охирида ташриф буюрган такси ҳайдовчиси вояга етмаган қизга беҳаё гапларни гапириб, унинг қўлини ўпган эмиш. “Ўқувчи қизнинг сўзларига кўра, у такси ҳайдовчисига пулнинг бир қисмини тўлаганидан сўнг, у қизнинг қўлидан ушлаб, ўпа бошлаган. Қиз унинг чангалидан чиқиб, қочиб кетган”, — дея хабар беради “Русская Община ZOV”. Канал маълумотларига кўра, гўёки саёҳат пайтида қиз такси ҳайдовчисининг сўзларини телефонига ёзиб олиб, ота-онасига жўнатган ва шунинг учун улар такси ҳайдовчисини белгиланган жойда кутишган ҳамда у ерда уни полицияга топширишган.

Телеграм канали қизнинг отаси томонидан суратга олинган видеони ҳам эълон қилган. Унда қиз такси ҳайдовчиси унга тегажоғлик  қилганини, такси ҳайдовчиси эса бу ишни қилмаганини айтиб, қасам ичганини хабар берган.

Миллатчи канал ҳуқуқ-тартибот идоралари такси ҳайдовчисини сўроқдан сўнг дарҳол қўйиб юборилганидан норози бўлган.

Аммо “такси ҳайдовчиси рус қизини ҳақорат қилгани” ҳақидаги шов-шувдан бир кун ўтгач, Нижневартовскдаги “Город3466” нашри ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, аслида ҳаммаси бошқача бўлганини хабар қилган.

“Аслида, у ерда ҳамма нарса „Русская община“ таърифлаганидек эмас, бутунлай бошқача бўлган. Бу ҳодиса ёзда содир бўлди. Қиз таксичига отаси вафот этгани, ўзининг ҳам аҳволи ёмон эканини айтиб алдаган. Қиз буни йўлкирани тўламаслик учун қилган экан”, — деган нашрга хавфсизлик кучларидаги манба.

Шунингдек, қиз йигитининг “Русская община” сафига кирганидан кейин унга унга бу уйдирмани айтиб берган.

Муҳожирларга нисбатан уюштирилган яна бир шов-шувли жинсий зўравонлик воқеаси шу тариқа барбод бўлди.

Бу хабар пайдо бўлгач, Тергов қўмитаси раҳбари бунга яшин тезлигида муносабат билдирди ва ишни тезда назоратга олди. Мигрант такси ҳайдовчисининг айбсиз экани ҳақида бир кун ўтиб, 8 ноябрь куни хабар берилган эди. Аммо бир ҳафта ўтса ҳамки, Бастрикин бунга муносабат билдирмаган. Тергов қўмитаси раҳбари бу масалани назоратда ушлаб туришда давом этяптими ёки бироз бўлса-да уялдими, тушунарсиз.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация