Мақола

1 340 23/12/2022

Россия Олий суди Адлия вазирлигининг Россия Мигрантлар Федерациясини (РМФ) тугатиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди.  

Вазирликнинг маъмурий даъвоси бўйича суд қарори жорий йилнинг 18 августида қабул қилинган, 20 декабрь куни апелляция суди уни қонуний деб топган ва ўзгаришсиз қолдирган. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Қарорда тушунтирилганидек, Адлия вазирлиги «Россия Федерацияси қонунчилигини қўпол, тузатиб бўлмайдиган тарзда бузган фаолияти» муносабати билан РМФни тугатишни талаб қилиб судга мурожаат қилган. Жумладан, РМФ томонидан 2018-2020 йиллари аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича еттита халқаро турнир ташкил этилган.

Россия Мигрантлар Федерациясига турнирлар ташкил этишдан ташқари, 2021 йилнинг кузида Адлия вазирлиги кўрсатган ҳужжатларни расмийлаштириш ва низомни янгилаш билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф этмаганликда айбланади.

Мигрантлар федерацияси ва унинг раҳбари Вадим Коженов даъволарни тан олмади ва суддан даъвони рад этишни сўради, дейилади қарорда.

«Низомимиз, албатта, маънавий жиҳатдан эскирган, бу ерда ҳеч қандай савол йўқ, 2007 йилдан бери қонунчилик кўп марта ўзгарди. Текшириш бошланганда эса бизда эски низом борлигини айтишди. Аммо биз уни тузатишга тўрт марта уриниб кўрдик. Текширувдан олдин икки марта, 2020 йили ва икки марта текшириш жараёнида, натижада рўйхатдан ўтишнинг иложи бўлмади», — дея тушунтирди Коженов.

Россия Мигрантлари Федерацияси 2007 йилдан бери фаолият юритаётган жамоат ташкилотидир. У собиқ СССР ва узоқ хориж мамлакатлари диаспоралари вакиллари билан ҳамкорлик қилади. Унинг ваколатхонаси Россиянинг 40 дан ортиқ шаҳарларида жойлашган. Ташкилотнинг расмий сайтида хабар қилинишича, РМФ муҳожирларга рус тилини ўрганиш ва таълим олишда ёрдам беради, мослашиш марказларини яратиш ва мигрантларнинг ҳуқуқий ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшади, «экстремизм тарқалишига қарши курашиш бўйича фаол маърифий ишларни олиб боради, бағрикенгликни тарғиб қилади ва спорт ва маданий тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб туради».

Жорий йилнинг ноябрь ойида РМФ муҳожирлар учун Россия армиясида шартнома бўйича хизмат қилиш имтиёзлари ва унинг сафига қўшилиш жараёни ҳақида батафсил видео эълон қилганди.

Манбаа: «Фарғона» АА.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация