Россия 2022 йил 30 мартдан бошлаб Қозоғистон ва Мўғулистон билан қуруқликдаги чегараларини очмоқда.
Эндиликда, 3 давлат фуқаролари ўзаро чегаралар орқали ўтишлари мумкин. Бу ҳақда Коронавирус инфекциясига қарши кураш оператив штаби маълум қилди, деб ёзмоқда ТАСС.
Таъкидланишича, ушбу рухсат фақатгина ушбу давлатлар фуқароларига тегишли. Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ёки Тожикистон фуқаролари бу давлатлардан транзит йўлаги сифатида фойдаланиб, Россияга қуруқлик чегаралари орқали кириб боришига ҳозирча рухсат йўқ.
“Янги коронавирус инфекцияси олиб кирилиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича оператив штаб 2022 йил 30 март соат 00:00 дан бошлаб Қозоғистон фуқароларининг Россияга қуруқлик чегаралари орқали, шунингдек, россияликларнинг Қозоғистонга ўтиши ҳамда Мўғулистон фуқароларининг қуруқликдаги чегаралар орқали Россияга ва аксинча, Россия фуқароларининг Мўғулистонга ўтишига доир чекловларни бекор қилишга қарор қилди”, – дея хабар қилган штаб.