Мақола

1 375 08/06/2023

Яқинда Россияда ҳарбий хизматга чақирув қоғози олган чақирилувчиларнинг мамлакатдан чиқиши тақиқланди. Улар орасида икки фуқароликка эга тожикистонликлар ҳам бор.

Апрел ойида қабул қилинган тузатишларга кўра, Россияда чақирув қоғози олган чақирилувчиларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқланган. Улар орасида Давлат хизматлари сайтида электрон чақирув қоғози олган икки фуқароликка эга тожикистонликлар ҳам бор. Айрим тожикистонликлар аллақачон бу тақиққа дуч келишган.

“Улар менга чақирув қоғози юборишди ва бундан буён мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишга ҳаққим йўқлигини маълум қилишди. Тафсилотлар учун маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилишни маслаҳат беришди”, – дея хабар қилган “Озоди” радиоси Россияда яшовчи номи сир қолишини истаган  Тожикистон фуқаросининг сўзларини келтириб.

Нимага асосланган?

Апрел ойида “Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди, унга кўра, Россия фуқаролигига эга бўлган ва чақирув қоғози олган шахсларнинг Россиядан чиқиб кетиши тақиқланади.

Жўнаб кетиш чақирув варақаси қўлга берилган деб ҳисобланган кундан бошлаб то ҳарбий комиссариатга топширилгунга қадар тақиқланади. Чиқишга тақиқни бекор қилиш учун чақирув қоғозини бекор қилдириш лозим.

Бундан ташқари, яқинда қабул қилинган “Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар ўз паспортларини Ички ишлар вазирлигининг миграция бўлимига ёки МФЦ депозитига топширишлари шарт.

Тегишли комиссия томонидан ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб паспортни топшириш учун беш кун муддат берилади. Хизматни тугатгандан сўнг паспортни қайтариб олиш мумкин.

Агар паспорт белгиланган муддатда сақлашга топширилмаса, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Агар шахс икки фуқароликка эга бўлиб айни пайтда Россияда доимий яшаса ва яшаш учун рухсатномаси бўлса, қонунга кўра, у хизматга чақирилиши ва чет элга чиқиши чекланиши мумкин.

Аммо агар сиз икки фуқароликка эга бўлсангиз-у, лекин Россияда доимий яшамасангиз ёки умуман Россия фуқаролигига эга бўлмасангиз, унда сизни ҳарбий  хизматга чақиришга ҳаққи йўқ, бу халқаро ҳуқуқни бузиш бўлади, дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов.

Бундан ташқари, бу ҳолатда улар сизнинг ҳаракат эркинлигингизни ҳам чеклай олишмайди: “Тожикистон Республикаси фуқароларининг чиқишини чеклаш шартлари ва асослари Тожикистоннинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан аниқ тартибга солинади. Бошқа ёндашув ёки талқин қилиш ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, шунингдек, ҳар қандай мансабдор шахснинг лаёқатсизлигининг намоён бўлиши деб қаралади”.

–      Мен ҳарбий хизматга чақирув қоғози олдим. Мамлакатни тарк этишга улгуришим учун неча кун вақтим бўлади?

–      Россиядан, шу жумладан Тожикистондан чиқиб кетишни тақиқлаш чақирув қоғози топширилгандан сўнг дарҳол кучга киради. Чақирув қоғозини олганингиздан сўнг чет элга чиқишингиз дарҳол чекланади

–      Чет элга чиқишим мумкин эмаслигини қаердан биламан?

–      Чақирув қоғозини олган вақтингиздан сўнг дарҳол чет элга чиқишингиз чекланади. Чақирув қоғози шахсан, шу жумладан иш жойида, буюртма хат орқали, шунингдек Давлат хизматлари орқали электрон шаклда топширилиши мумкин.

–      Менинг “Госуслуги”да аккаунтим бор, лекин мен паролимни унутганман ёки очишни истамайман.

–      Чақирув қоғози сайтга жойлаштирилган заҳоти топширилган деб ҳисобланади – ҳатто сиз уни кўрмаган ва уни очмаган бўлсангиз ҳам.

–      “Госуслуги”да аккаунтимни ўчириш ёрдам берадими?

–      Назарий жиҳатдан, ҳа. “Госуслуги”дан ташқари ҳарбийга чақирув қоғозларининг рақамли реестри яратилади. Агар сизнинг “Госуслуги”да аккаунтингиз бўлмаса, чақирув қоғозлари ушбу реестрга жойлаштирилади. Аммо бу рақамли реестр ҳали яратилмаган.

–      Чиқиш тақиқи бўйича шикоят қилишим мумкинми?

–      Чиқиш тақиқини бекор қилиш учун сиз чақирув қоғозини бекор қилдиришингиз керак. Бу Давлат хизматларида беш кун ичида ёки МФЦ орқали етти кун ичида амалга оширилиши мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация