Россия молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рубл қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин?
Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқул? Эҳтимолий инқироз оқибатларига қарши кураш учун қандай чоралар кўриш керак? Россияга боришни режалаштирган ўзбекистонликлар нима қилсин?
«Газета.uz» шу ва бошқа саволлар бўйича иқтисодчи мутахассислар фикри билан қизиқди.
Россия-Украина муносабатларининг кескинлашиб, ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетганлиги дунё ҳамжамияти ҳамда кенг жамоатчилик орасида норозиликларни келтириб чиқарди. Қатор мамлакатлар томонидан Россияга қарши санкциялар эълон қилинмоқда.
«Газета.uz» Россия молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рубль қадрсизланишининг Ўзбекистон иқтисодиётига эҳтимолий таъсири, Россияда юз бериши кутилаётган инқироз шароитида ўзбекистонлик мигрантлар масалалари ва қўлланиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан иқтисодчи мутахассислар фикри билан қизиқди. Шунингдек, мигрантлар учун айни вазиятда қандай қарор қабул қилиш борасида уларнинг тавсиялари олинди.
Россия банкларига қўлланилаётган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига ёки банк тизимига қандай таъсир кўрсатади?
Отабек Бакиров, иқтисодчи
Ўзбекистон банк тизимининг Россия банк тизимидан автономияси, масалан, Қозоғистон, Қирғизистон ё ҳатто Украина билан солиштирганда ҳам анча юқори. Ўзбек банкларининг Россия банкларига боғлиқлиги асосан тўловлар амалга оширилиши, клирингнинг кафолатланиши ва савдони молиялаштириш билан боғлиқ. Лекин бу кўпроқ техник муаммолар, молиявий эмас ва ҳал этиш ҳам техник аралашув ва ечимни талаб қилади. Ўзбек банкларининг шу кунлардаги хавотирлари тўловларни амалга ошираётган мижозларининг транзакциялари юз бериши ва бу бўйича корреспонденцияга тақалмоқда.
Ботир Қобилов, иқтисодчи
Ўзбекистон иқтисодиёти республика ташқарисидан, айниқса РФдан келиб тушадиган пул ўтказмаларига ниҳоятда боғланган. Биргина 2021 йилнинг ўзида РФда ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул ўтказмалари 7,6 млрд долларга етиши кутилганди. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 12% га тенг. Бу жуда катта рақам. Мана шу пул оқимининг шартли 20%-30% га қисқариши (ва у қисқариш бошқа манбадан қопланмаслиги) мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир этади.
Миркомил Холбоев, иқтисодчи
Россияга қўйилган санкциялар [Россияда] инқироз келтириб чиқариши аниқ. Буни биргина рубль курсининг ўзгаришида ҳам кўриш мумкин. Банкларда ёки қора бозорда курс 200 гача чиқиб кетгани айтиляпти. Хўш, бу иқтисодиётимизда қандай хавотирли оқибатларга олиб келиши мумкин?
Биринчидан, таъсири бир нечта каналлар орқали билинади. Энг тез билинадиган таъсирларидан бири бу — мигрантларнинг пул ўтказмалари. Россияга қўйилган санкциялар рублнинг қадрсизланишига сабаб бўлади ва бу ўз-ўзидан мигрантларимизнинг доллардаги даромадлари пасайишига олиб келади. Масалан, рубль 50 фоизга қадрсизланса, бу мигрантларнинг доллардаги даромади бир ой олдингига нисбатан 50 фоизга пасайганини билдиради. Агар вазият шу тарзда кетса, ўзбекистонликлар учун Россиядан кўра, Ўзбекистонда ишлаш нисбатан қулайроқ бўлиши мумкин. Яна шуни айтишим мумкинки, Россиянинг SWIFT`дан узилиши пул ўтказмаларини қийинлаштиради.
Бундан ташқари, Россияда инқироз ялпи талабнинг қисқаришига сабаб бўлади. Бу эса ўз-ўзидан ишсизликнинг ортишига олиб келади. Яъни мигрантларимизнинг даромадлари камайишидан ташқари ишини йўқотиб қўйиши хавфи ҳам кучайиши табиий.
Рублнинг қадрсизланиши ўзбекистонликларга қандай таъсир кўрсатади?
Отабек Бакиров:
Оддий ўзбекистонликлар истеъмолчи ўлароқ, аввало, истеъмол товарларида буни сезади. Ун, буғдой, ўсимлик ёғи, гўшт каби муҳим озиқ-овқатлар, металпрокат, ёғоч каби қурилиш материлаллари импортида низолашаётган тарафлар, қўшни транзит давлатларнинг ўрни юқори. Афсуски, бу уруш ўзи бусиз ҳам мураккаблашиб, қимматлашиб бораётган логистикани янада қимматлаштиради.
Украинага агрессиянинг товонини оддий украин ё русларгина эмас, бутун дунё, хусусан оддий ўзбекистонликлар ҳам ўз чўнтагидан тўлашга мажбур. Кўп айтганимиздек, уруш ҳаммани камбағаллаштиради.
Ботир Қобилов:
Аҳолимизнинг умумий даромадлари таркибига назар ташлайдиган бўлсак, республика ташқарисидан келиб тушадиган пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларининг тахминан 15−16% ни ташкил қилишини кўрамиз.
Агар алоҳида вилоятлар кесимида олсак, 2021 йилда, масалан, Хоразмда 27,1 фоиз ва Самарқандда 25,3 фоиз, Андижонда 22,2 фоиз ва Сурхондарёда 21,6 фоиз аҳоли умумий даромадлари айнан республика ташқарисидан, хусусан, РФдан келиб тушган пул ўтказмалари эвазига шаклланади. Кўриб турганингиздек, бу вилоятлар ва умуман мамлакат аҳолиси даромадларининг катта қисми Россияда ҳамда рублда олинадиган даромадларга боғланган.
Рубль қадрсизланиши, РФда умумий иқтисодий фаоллик камайиши натижасида ушбу вилоятлар аҳолисининг даромадлари қисқариши табиий.
Миркомил Холбоев:
Россия иккита энг йирик савдо ҳамкорларимиздан биттаси. Адашмасам, [Ўзбекистон] ташқи савдо айланмасининг 20 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Бу жудаям катта кўрсаткич. Инқироз шароитида рублнинг қадрсизланиши оқибатида бизнинг маҳсулотларимиз Россия бозорида қимматлашади. Ўйлашимча, баъзи маҳсулотларимиз Россия бозорини тарк этиши ҳам мумкин. Бир томондан, [Россияда] ялпи талабнинг қисқариши бизнинг маҳсулотларга, яъни импорт маҳсулотларига бўлган талабни камайтириб, экспортимизга салбий таъсир қилиши мумкин. Лекин бошқа томондан, Россиядан импорт қилинган товарлар айнан рублнинг қадрсизланиши оқибатида бизнинг бозорга арзонроқ кириб келиши эҳтимоли ҳам бор.
Россиядаги инқироз асосан аҳоли жон бошига ялпи даромади пастроқ бўлган вилоятларимиз учун оғирроқ зарба бўлиши мумкин. Чунки у ерлик мигрантларнинг аксарияти паст малакали, тил билмайдиган, аниқроғи, рус тилидан бошқа тилни билмайдиган мигрантлар бўлиб, асосий қисми Россияда фаолият олиб боради. Бу эса, айтайлик, ўша вилоятлар умумий даромади даражасига жиддий зарар етказиши мумкин. Масалан, Сурхондарё вилояти умумий даромадида чет элдан пул ўтказмаларининг улуши тахминан 20 фоизни ташкил этади. Росссиядан пул ўтказмалари ҳажмининг, айтайлик, рублнинг қадрсизланиши ва ишсизликнинг ортиши натижасида пасайиб кетиши ўз-ўзидан бу вилоятнинг умумий даромади даражасига таъсир қилади.
Украина-Россия уруши давом этиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Отабек Бакиров:
Бу урушнинг қанча узоқ давом этишига боғлиқ. Тез орада сулҳ тузилмаса, бу иккинчи савдо ҳамкоримиз Россия учун ҳам, еттинчи савдо ҳамкоримиз Украина иқтисодиёти учун ҳам аянчли оқибатлар яратади. Биз глобал дунёда яшаяпмиз, савдо ҳамкорларимиз иқтисодиётидаги вазият бизни четлаб ўтолмайди. Ўзбекистон иқтисодиётида бу аввало экспортнинг камайиши, пул ўтказмаларининг тўхтаб қолиши, иқтисодий фаолликнинг сусайиши, инфляциянинг ошиши каби оқибатларда кўринади.
Ботир Қобилов:
Салбий таъсир этади. РФда иқтисодий фаоллик қисқариши, хорижий капитал чиқиб кетиши, янги капитал кирмаслиги, мавжуд ва янги яратиладиган иш ўринларининг қисқариши Ўзбекистон учун ҳам салбий таъсир этади.
Юқорида тилга олинган ялпи ички маҳсулот ва даромадлар нуқтаи назаридан ташқари, мамлакат аҳоли сони нуқтаи назаридан ҳам хавотирга тушадиган вазиятни кўрамиз. Меҳнатга лаёқатли аҳолимизнинг камида 20% қисми РФда фаолият олиб борадилар. 2021 йилда РФ да тахминан 4 миллионга яқин юртдошларимиз расмий регистрациядан ўтиб фаолият олиб борганлар. Бу рақамни бироз консерватив деб ҳисобласак бўлади. Ўзбекистон аҳолисининг меҳнатга лаёқатли қатлами эса 20 миллион кишини ташкил этади. Яъни, меҳнатга лаёқатли аҳолимизнинг камида 20% қисми рублда тўғридан-тўғри даромад топадилар. Бу жуда жуда катта рақам. Солиштириш учун, Ўзбекистонда давлат секторида фаолият олиб борадиган аҳолининг сони тахминан 2,6 миллионни ташкил этади.
Миркомил Холбоев:
Уруш давом этса ёки ҳозирги ҳолатида ҳам йил охиригача бизнинг иқтисодий кўрсаткичларимизга умумий таъсири бўйича аниқ хулоса бериш қийин. Лекин салбий таъсир қилиши муқаррар. Макроиқтисодий прогнозлар, жумладан, иқтисодий ўсиш, инфляция ёки ишсизлик даражаси каби бошқа кўрсаткичларга жиддий таъсир қилиши табиий. Бироқ унинг кўлами борасида, мен ҳозирча прогноз беролмаган бўлардим, тўғриси.
Ўзбекистон урушнинг салбий оқибатларига қарши қандай чоралар кўриши керак деб ўйлайсиз? Россиядаги мигрантлар учун-чи?
Отабек Бакиров:
Бу ҳақда, кўпроқ ҳукумат ўйлаши керак, аввало. Менимча, урушнинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида чора-тадбирлар тузилаётган бўлиши керак. Ўз-ўзидан, йил бошидаги режаларга, бюджет даромадлари ва харажатларига вазиятдан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритилиши табиий. Миллий валютамизни, иқтисодий манфаатларимизни ҳимоялаш учун стандарт чоралар (асосий ставкани кўтариш, пул-кредит шартларини қатъийлаштириш, сўм курсини мувофиқлаштириш) билан бирга ностандарт ҳаракатлар ҳам керак бўлади.
Яна энг мураккаб вазиятда мигрантларимиз қолаётгани сабабли, масалан, пул ўтказмаларидаги юқори риск ва йўқотишларни юмшатиш чораларини кўриш керак. Рублнинг ҳаддан зиёд волатиллиги шароитида ўтказмалардаги барча йўқотишлар рус банклари томонидан мигрантларнинг ўзига юклаб юборилаётганига чидаб бўлмайди. Россиядаги банкимизнинг Азия-инвест банкнинг Азия-экспресс ўтказма тизими бор. Шу тизимни ўзбек мигрантлари учун осон ишлатиш чораларини қилса бўлади, масалан.
Ботир Қобилов:
Агар нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлайдиган бўлсак, ҳақиқат шундаки, иқтисодиётимиз ўсиб бораётган аҳоли учун етарли иш ўринларини йиллар мобайнида яратмаган. Иш ўринлари деганда биз фақатгина давлат секторини назарда тутишимиз мутлақо нотўғри, аксинча, иш ўринларини яратиш олий мақсад бўлса ҳам натижада давлат институти аппарати пуфагини ошириш (масалан ёрдамчининг ёрдамчиси лавозимини яратиб) мақсадга мувофиқ эмас.
Иқтисодиётда давлатнинг ҳали ҳам катта бўлган ролини кескин камайтириш ва хусусий секторнинг кучли ўсиши учун қулай муҳит яратиш зарур. Кун тартибига бизга яъна ўша муҳим таркибий ислоҳотлар қайтиши керак: институционал, маъмурий-бошқарув ислоҳотларни, қонун устуворлиги ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш орқали буйруқбозлик иқтисодиётидан воз кечсак, биз ана ўшанда хусусий секторда иш ўринларини яратиш учун қулай муҳит яратган бўламиз.
Миркомил Холбоев:
Ҳозирги инқирознинг оқибатларини қисқа муддатда юмшатиш, билмадим, жудаям қийин бўлса керак… Нимадир дейишниям билмадим. Бунда Марказий банк ҳам, айтайлик, сўмга босимнинг ортиши натижасида фоиз ставкасини яна кўтариши мумкин. Бу эса ялпи талабга ва ишсизликка, шу орқали, табиийки, одамларнинг даромадига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун, назаримда, ҳозир қанақадир оптимал сиёсат жудаям қийин масала. Чунки ташқи омиллар таъсирида барибир иқтисодиётимизга қисқа муддатда энг камида етарлича зарар етиши мумкин.
Иқтисодчи сифатида Россиядаги мигрантларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
Отабек Бакиров:
Аввало, ўзбекистонлик ватандошларимиздан, токи вазият барқарорлашмагунча Россияга, ҳатто Қозоғистонга ҳам меҳнат мигранти ўлароқ бориш режаларини қилмай туришларини сўрайман. Ҳар икки давлатда санкциялар оқибати ўлароқ ишсизлик ортади, маошларнинг доллар эквиваленти жудаям пасайиб кетади. Билмадим, балки, энг кўп ишчи талаб қилинадиган соҳалар — қурилиш, чакана савдо, умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалигида ижтимоий солиқни ҳеч қурса йил охиригача энг минимумгача пасайтириш керакми. Яна такрорлайман, энг кўп иш берувчи таксичиликни, унинг маъмурчилигини осонлаштириш керак.
Россиядаги ватандошларимиз, аввало шошилинч қарор қабул қилмасликлари лозим. Бу пул ўтказмалари бўладими, иш ўзгартириш бўладими ё ватанга қайтиш бўладими. Етти ўлчаб бир кесиш керак. Асосий қарорлар қабул қилишни вазият барқарорлашгунгача қолдириб турганлари маъқул.
Миркомил Холбоев:
Агар Россияга кетишни режалаштираётган ўзбек мигрантлари бўлса, шошилмасликларини маслаҳат бераман. Чунки ўзим баъзи танишларимдан эшитяпман, март ойида ёки март ойини бошларида Россияга кетишни режалаштириб юрган экан. Агар шу каби Россияга кетиб, ўша ерда меҳнат фаолиятини олиб боришни режалаштираётган мигрантлар бўлса, уларга кетмай туришни маслаҳат берган бўлардим. Россиядаги мигрантларга эса вақтинча бўлса-да пул ўтказмаларини амалга оширмай туришини маслаҳат бераман.