Беларусь ва Қозоғистон президенти Александр Лукашенко ҳамда Нурсултон Назарбоев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар етакчиларига бўлган ишонч рейтингида биринчи поғоналарда бормоқда. Бутунроссия жамоат фикрини ўрганиш маркази сўрови маълумотларига кўра, Лукашенко русларнинг 62 фоизида ишонч уйғотса, Назарбоев – 56 фоиз, дея хабар қилди Kun.uz.

Сўров натижаларига кўра, «Беларусь ва Қозоғистон МДҲга аъзо давлатлар орасида Россия фуқаролари томонидан энг қўллаб-қувватланувчи мамлакатлардир». Бу давлатларни тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти “энг барқарор ва муваффақиятли” деб ҳисоблайди: Беларусни респондентларнинг 60 фоизи алоҳида тилга олган бўлса, Қозоғистон – 41 фоиз. Улардан кейинги ўринларни Арманистон (16%), Озарбойжон (14%), Грузия (10%), Ўзбекистон (7%), Туркманистон (7%), Қирғизистон (5%), Молдова (4%), Тожикистон (3%) ва Украина (1%) эгаллаб турибди.

«Россияликлар – кўп миллатли халқ, ва у ёки бу давлатдан бўлганлар, одатда, ўзларининг тарихий ватанларини қўллаб-қувватлайдилар, – дея айтиб ўтди Москва давлат халқаро муносабатлар институти директори Андрей Казанцев. – МДҲ давлатларининг Россиядаги рейтинги бу ердаги диаспоранинг катта ёки кичиклигига боғлиқ». Унинг фикрига кўра, яқин хориж давлатлари рейтингига Россияда уларнинг ҳаёти қай даражада ёритилиши таъсир кўрсатади.

Бутунроссия жамоат фикрини ўрганиш маркази экспертларининг таъкидлашича, россияликлар Беларусь (64%) ва Қозоғистонни (57%) жаҳон аренасида ўз мамлакатининг асосий ишончли ҳамкори деб ҳисоблайди. Шунингдек, респондентлар Арманистон (16%), Озарбойжон (10%), Қирғизистон (8%) ва Ўзбекистонни (8%) тилга олишган. Кейинги ўринлардан эса Грузия (6%), Тожикистон (5%), Молдова (5%), Туркманистон (5%) ва Украина (1%) жой эгаллади.

Беларусь (66%) ва Қозоғистон (38%) асосий тили рус бўлган аҳоли ҳуқуқларини таъминлаш мезонлари бўйича ҳам МДҲ давлатлари рўйхатида етакчи позицияларни қўлга киритди. Кейинги ўринлардан Арманистон (11%), Озарбойжон (6%), Грузия (6%), Молдова (6%), Украина (5%), Ўзбекистон (5%), Қирғизистон (5%), Тожикистон (4%), Туркманистон (2%) жой олди. «Асосий тили рус бўлган аҳоли ҳуқуқларига риоя этиш бўйича ижобий динамика ва кўрсаткичларнинг ўсиши кузатилмоқда, – дея айтиб ўтди Бутунроссия жамоат фикрини ўрганиш марказининг махсус дастурлар директори Елена Михайлова. – Буни давлат сиёсати натижаси сифатида қабул қилиш мумкин».