Сўнгги вақтларда Россиянинг кўплаб ҳудудларида чет эллик мигрантларнинг муайян соҳа ва йўналишларда ишлашига тақиқлар жорий этилмоқда. Ана шундай чекловларнинг энг сўнггиси Сахалинда эълон қилинди.
Sputnik Россияда чет эл фуқаролари ишлаши тақиқланган соҳалар тўғрисида маълум қилди.
Сахалин вилояти
Сахалин ҳукумати 2018 йилдан бошлаб мигрантларга қўриқлаш агентликлари ва автотураргоҳларда ишлашни тақиқлади.
Бунга қадар эса вилоятда ишга жойлашиш бўйича бир қатор чекловлар жорий этилган эди, жумладан 2016 йилдан буён мигрантлар нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда, шаҳар йўловчи ташиш соҳаси ҳамда савдо ва қурилишнинг қатор йўналишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди.
Новосибирск вилояти
Сахалинда бўлгани каби Новосибирскда ҳам тақиқлар мавжуд. У ерда мигрантларга ўқитувчилик, йўловчи транспорти ва таксилар ҳайдовчилиги, болалар боғчалари ва ёзги лагерларда тарбиячилик қилиш, шунингдек болалар озиқ-овқатлари ва парҳез (диета) маҳсулотлари, алкогол ичимликлари ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлаш тақиқланди.
Бундан ташқари, 2016 йилдан буён чет элликларга таржимонлик, котиблик (секретарлик), муҳаррирлик қилиш, кадрлар бўлимида ишлаш, молиячи, бухгалтер бўлиш, шунингдек фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ўрмончилик, балиқчилик, овчилик ва ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш билан боғлиқ ишларда ишлаш тақиқланган.
Хабар қилинишича, уч мингга яқин кишининг меҳнат қилишига тўсқинлик қўйилган.
Шу билан бир қаторда, 2018 йилдан бошлаб чет элликлар савдо киоскалари, овқат тайёрлаш бўйича савдо палаткаларида ишлаш, “ҳаракатланувчи лавкалар”да овқат тайёрлаш ва уларни сотиш ҳам тақиқланди.
Кемеровский вилояти
Июнда Кузбасс ҳукумати меҳнат мигрантларига 10 та соҳада ишлашни чеклади. Таълим, меҳмонхоналар ва траснпорт соҳалари шулар жумласидан.
Мигрантларга барча даражадаги таълим муассасалари, болалар озиқ-овқатлари ва парҳезбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришда иштирок этиш тақиқланди. Шунингдек такси, жамоат транспорти ва ишга жойлашишда кўмаклашиш фирмаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Ҳукумат, ўз навбатида, тадбиркорларга уч ой муддатда чет эллик ишчилар сонини қарор билан мувофиқлаштиришни тавсия қилди.
Саха Республикаси
Саха Республикасида 2017 йил баҳоридан мигрантларга таълим, соғлиқни сақлаш, савдо, балиқчилик ва қишлоқ хўжалигида ишлаш тақиқланди.
Бу йил эса “тақиқ” рўйхатини қурилиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, транспорт ва таълим соҳалари билан тўлдириш режалаштирилган.
Челябинск вилояти
2017 йил январдан Челябинск вилоятида йўловчиларни ташиш соҳасида чет эл фуқароларини ишга олиш тақиқланди. Шундай қилиб, мигрантлар автобус ва такси ҳайдовчиси бўлиб ишлай олмайдиган бўлди.
Ленинград вилояти
Шу каби чораларни Санкт-Петербург ҳукумати ҳам жорий этмоқда: маҳаллий депутат Владимир Анохин мигрантларга ҳайдовчи, дворник ва энага (няня) бўлиб ишлашни тақиқлаш таклифини илгари сурди. Бироқ ушбу таклиф маҳаллий депутатлар кенгаши томонидан тасдиқланмади.