Россияда мигрантларни қизиқтирадиган саволлардан бири – патентни олиш, муддатини узайтириш ва унга ҳақ тўлаш мавзуси ҳисобланади.
Хўш, мигрантлар бир шаҳарда патент очиб, сўнгра бошқа жойга кўчганида, номига очилган патентни алмаштириши керакми? Келинг, шу саволга ойдинлик киритамиз. «Миграционный эксперт» журналида эълон қилинган мақола мазмунини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аввало, шуни билиш керакки, Россия қонунчилиги патент амал қиладиган ҳудудни алмаштиришга рухсат бермайди. Айтайлик, сиз патентни Москва шаҳрида расмийлаштиргансиз ва энди иш жойингизни Санкт-Петербургга кўчирмоқчисиз. Бундай вазиятда қаерда меҳнат фаолиятингизни давом эттирсангиз, ўша ерда янги патент олишингизга тўғри келади.
Агар бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ шаҳарда ишласангиз, ҳар бир регион учун алоҳида патентга эга бўлишингиз шарт. Мисол учун Москвадаги такси ҳайдовчиси Москва вилоятида таксичилик фаолияти билан шуғуллана олмайди.
Маълум бир шаҳардан зарурат сабабли бошқа жойга кетишингизга тўғри келса, патент учун тўланган пулни қайтариб олишингиз мумкин.