Мақола

1 058 30/08/2022

Россиянинг Калининград шаҳрида икки нафар шифокор ўзбекистонлик аёлнинг чақалоғини ўлдиришда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Москва вилоят судига таяниб, “Интерфакс” хабар берган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 август куни суд ҳайъати янги туғилган чақалоқни ўлдиришда айбланган калининградлик шифокорлар Елена Белая ва Элина Сушкевичга нисбатан айблов ҳукмини чиқарган. Улар раҳм-шафқатга лойиқ эмас деб ҳисобланган.

Ҳукмнинг оқибатлари 30 август куни судда муҳокама қилиниши режалаштирилган.

“Шифокорлар иши” бўйича суд жараёнлари бир неча йилдан бери давом этяпти. Аввалроқ Калининграддаги ҳакамлар ҳайъати қотилликни уюштирганликда айбланаётган шаҳар бош шифокори Белаяни ва 4-сонли шаҳар туғуруқхонаси анестезиолог-реаниматологи Сушкевични оқлаган эди.

Айтиш жоизки, 2018 йилнинг ноябрь ойида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл туғуруқхонада ўғил фарзандини муддатига етмай дунёга келтирган.

Терговчиларга кўра, бош шифокор Белая статистик маълумотларнинг ёмонлашиши ва унинг келгусида бош шифокор этиб тайинланишига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш учун ундан халос бўлишга қарор қилган ва тиббиёт ходимларига “боланинг омон қолмаслиги учун барча чораларни кўришни” топширган.

Айтилишича, у Сушкевични кўндирган ва анестезиолог чақалоққа ўлдирадиган магний сульфат дозасини юборган.

2018 йилнинг ноябрида Елена Белая мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. 2019 йил июнь ойида Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Белая ва Сушкевичга нисбатан қотиллик бўйича иш очган.

Белая ва Сушкевич ўз айбларини тан олмаган. Улар Леонид Рошаль ва кўплаб шифокорлар томонидан қўллаб-қувватланган. Сушкевичнинг ўзи у болага магнезия киритмаганини, аксинча, уни қутқаришга ҳаракат қилганини, унинг ўлимини тезлаштиришга ҳеч қандай сабаб йўқлигини ва у ўта оғир аҳволи туфайли ўзи вафот этганини айтган.

2020 йилда Калининград суди судьялари ҳукми асосида аёллар оқланган. Аммо прокуратура ҳукм устидан шикоят қилган, натижада апелляция инстанцияси уни бекор қилиб, ишни янги суд муҳокамасига юборган, шифокорлар эса тергов изоляторига жойлаштирилган, деб ёзади Д.Абдураҳмонова “Қалампир.уз” учун ёзган мақоласида.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация