Мақола

1 065 12/12/2022

“Московская газета” ўтган баҳорда бошланган Россиядан меҳнат мигрантларининг чиқиб кетиши мавзусини давом эттирмоқда. Ноябрь ойи охирига келиб, нашрнинг уч экспертидан икки нафари Марказий Осиё ва бошқа давлатлардан ишчи кучининг катта оқими келишини кутмаслик кераклигини таъкидламоқда.

Қиш бошлангунига қадар Москва фаррошлар етишмасилигига дуч келди. Шунингдек нашр ўқувчилари “Яндекс Такси” хизматида  автомобиллар хизмати жуда секинлашгани, “Яндекс Еда” хизмати ҳам буюртмаларни етказиб беришда сустлашиб кетганлигини таъкидламоқда. Бу соҳаларда маҳаллий аҳоли билан бир қаторда мигрантлар ҳам хизмат қилишади.

Москвада ва умуман Россияда хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳақиқатдан ҳам мигрантлар сони камайганми?

“РАНХИГС” институти етакчи илмий ходими Юлия Флоринская РФга меҳнат мигрантларининг келиш динамикаси ҳақида гапирди.

“Россиядаги  меҳнат мигрантлари сони ҳозир минимал даражада.Пандемиядан олдин, Россияда юқори кўрсаткичли ойларда, ўзларини расман мигрант деб эълон қилганлар тахминан 4,5 миллион нафарни ташкил қилганди.
Мамлакатга шахсий саёҳатлар билан келиб, шу ерда қолганларни ҳисобга олсак, улар тахминан 5 миллион нафарни ташкил этганди. Ҳозир эса Россияга ишлаш мақсадида расман кирганлар сони 3 миллиондан озроқ, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25-30 % га камайиш кузатилмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги ойлар ичида ўзгармаяпти”, дейди эксперт.

“2022 йилнинг январь ва февраль ойларида 2021 йилга нисбатан мигрантлар оқимининг кўпайиши кузатилди, унда ковидгача бўлган кўрсаткичларнинг тикланиши кутилаётган эди. Аммо 24 февралдан кейин тикланиш содир бўлмади. Ҳозир мамлакатдаги мигрантлар сони ковиддан аввалги кўрсаткичлардан 200 минг нафар ишчига камроқ”, дейди эксперт.

Агар сўнгги йилларда меҳнат мигрантларининг сони аввалгидек бўлса ва  ишчилар сонида кескин ўзгаришлар бўлмаса, нега Москвада қор тозалаш, такси хизматлари ва озиқ-овқат етказиб бериш бўйича бугунгидек вазият  кузатилмаган?

“Ҳозир бир қанча омиллар ишламоқда. “Яндекс Такси”да нафақат чет элликлар, балки икки фуқароликка эга бўлганлар, жумладан қирғиз ва руслар ҳам ишлайди. Қисман сафарбарлик бошқа ишчилар сингари уларнинг ҳам кетишига сабаб бўлиши мумкин”,- деди Юлия Флоринская.

Мутахассисларнинг Россиядан меҳнат мигрантларининг чиқиб кетиши борасида қиш-баҳорги прогнозлари оқланадими?

“Йил рублнинг тушиши билан бошланди. Бу пайтда кўпчилик Россияда ишлашга иккиланиб қолди. Кейин рубль мустаҳкамланди ва Россияда ишлаётган, лекин Россия фуқаролигига эга бўлмаган ва қисман сафарбарликка алоқаси бўлмаганлар иш ҳақининг  камайишига дуч келмадилар.  Улар иш жойларида қолдилар. Аммо бошқа меҳнат бозорларига йўналишини ўзгартириш имкониятига эга бўлган энг малакали ишчилар Россияга келмаслиги мумкин”, – деб тушунтирди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон энди Россия Федерациясига меҳнат миграциясининг асосий иштирокчисига айланиши мумкин.
“Илгари асосий мигрантлар  Ўзбекистондан келишарди, лекин ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистондан Ғарб давлатларига, Жанубий Африкага, БААга миграция кучаймоқда. Шунинг учун Тожикистон тез орада бизнинг асосий ҳамкоримизга айланади. Яқин орада Россия ҳудудида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари сони тенглашади. Россия фуқаролигини олаётганлар орасида бу давлат фуқаролари биринчи ўринда туради, украиналиклар бундан мустасно. Айнан Тожикистондан Россия ҳудудига кириб келаётган мигрантлар сонида камайиш кузатилмаяпти”,- дея қўшимча қилди эксперт.

Келгуси йил учун Россиядаги меҳнат мигрантлари сони бўйича қандай прогноз қилиш мумкин?

“…Меҳнат миграциясининг асосини ташкил этувчи Марказий Осиё фуқароларига келсак, биз мигрантлар оқими тикланишини кутган эдик, лекин содир бўлган воқеалар туфайли бундай бўлмади, кейинчалик нима бўлишини айтиш қийин”, – деди Юлия Флоринская.

“Россияда меҳнат миграцияси динамикаси бўйича ҳозирча аниқ статистик маълумотлар йўқ ва уларнинг яқин келажакда пайдо бўлиши ҳам даргумон, дейди Миграция сиёсати маркази директори Ольга Чудиновских.

Аммо Москва уй-жой коммунал хўжалигида, “Яндекс Такси” ишида содир бўлаётган воқеалар баҳорда кутилган эди”.

Яқин келажакда Марказий Осиёдан келувчи меҳнат мигранлари сони камаядими?

“Иқтисодиётимиз қай даражада пасайишини, анънавий тарзда мигрантларга тегишли иш ўринларининг қай бири сақланиб, қайсиниси йўқолишини ҳозирча билмаймиз. Ўтган йили мигрантларга 2 миллионта патент берилди. Бу ковиддан кейинги вақт эди, бу йил кўрсаткичлар пасайган бўлса керак”, – деди Ольга Чудиновских.

Тожикистон Россияга асосий ишчи кучи етказиб берувчига, Ўзбекистон  фуқаролари эса бошқа давлатларга ишга кетиши мумкинми?

Бу жараён жуда секин кетмоқда, ҳали ҳеч ким глобал ўзгаришни кузатгани йўқ. Россия ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун асосий йўналиш бўлиб турибди.

Лекин Ўзбекистон энди Жанубий Кореяга йўналишларни ўрганмоқда. Аммо бу икки йўналишдаги меҳнат мигрантларининг сонини солиштириб бўлмайди”, – деб хулоса қилди Ольга Чудиновских.

Манбаа: “Московская газета”.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация