Мақола

2 471 08/11/2022

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Россияда қисман сафарбарлик бошланганидан сўнг, мамлакатда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ғойиб бўлиб қолаётгани ҳақида хабарлар кўпая бошлаган.

Ғойиб бўлиб қолганларнинг қариндошлари ва дўстларининг маълум қилишича, бедарак йўқолганларнинг ёши 20-30 ёшлар орасида бўлган. Жумладан, Озоди радиоси шу ҳақда хабар бермоқда.

Бедарак йўқолиб қолган мигрантларнинг қариндошлари улар Украинадаги урушга мажбуран жўнатилганини истисно қилмаяпти. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар беришича, бедарак йўқолган айрим муҳожирларнинг яқинлари уларни топишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Россия расмийлари Тожикистон фуқароларининг ўз ҳудудида ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарларни ҳозирча тасдиқлагани ёки рад этгани йўқ.

Участкавой”нинг айтишича Акрамжон Россия чегарасини кесиб ўтмаган

Тожикистонлик мигрантларнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлар тожикистонлик Эҳсон Аминзода Москвада ғойиб бўлганидан кўп ўтмай пайдо бўлди. Бу 10 октябрь куни кечқурун содир бўлган. Мигрантнинг яқинлари у Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Россия Қуролли кучларида хизмат қилишга мажбур бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари жорий йилнинг 15 октябрь куни Эҳсон Аминзода шериги билан диний важлар сабабли юзага келган жанжалдан сўнг, ўз ҳамкасбларига ҳужум қилиб, 11 кишини ўлдиргани ва 15 кишини жароҳатлагани ҳақида хабар беришган эди. Россия ҳокимиятидагилар воқеа тафсилотларини яширмоқда ва аслида Белгородда нима содир бўлганлиги номаълум.

Рудакий вилоятидан 24 ёшли Акрамжон Шоисматов ҳам 10 октябрь куни “йўқолиб қолган”. Унинг холаси Сайёра Азизованинг Озоди радиосига айтишича, Акрамжон сўнгги уч йил давомида сабзавот омборида ишлаб келган ва телефонини таъмирлаш учун бир-икки соатга жавоб олиб чиқиб кетганича, ғойиб бўлган.

“Акрамжон ҳар доим қаердалиги ҳақида хабар бериб турарди, ҳеч қаёққа кетиш нияти йўқ эди. У йўқолганидан кейин милицияга мурожаат қилдик. Маҳаллий ҳудуд “участкавойи” Акрамжоннинг Россия чегарасини кесиб ўтмаганини айтди. Шу кунларда биз маҳаллий ҳарбий комиссариатга сўровнома киритдик. Ўйлашимча, ўша куни Акрамжонни военкоматга олиб кетишган, унинг қаердалиги ҳақидаги маълумотни фақат ўша ерда олиш мумкин”, – дейди Сайёра Азизова.

Душанбелик 20 ёшли Саддам Садиров 5 октябрь куни Москвада ғойиб бўлган ва ўшандан бери қариндошлари билан алоқага чиқмаган. Қариндошларининг сщзларига кўра, Саддам ўша куни дўстлари билан учрашиш учун боришини айтган.

“Икки ҳафта аввал ИИВнинг Москва шаҳри бўйича Бош бошқармасига мурожаат қилдик, ҳалигача жавоб йўқ”, дейди бедарак йўқолган муҳожирнинг онаси Хусумбону Назарова.

Саддам Садиров акаси билан бир йил аввал Россияга ишлаш учун кетган ва Москва вилоятидаги йўл қурилиш компанияларидан бирида ишлаб келган.

Россия расмийлари Тожикистон фуқароларининг ўз ҳудудида ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарларни ҳозирча тасдиқлагани ёки рад этгани йўқ.

Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасининг Озоди радиосига айтишича, айрим муҳожирларнинг яқинлари уларни топишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

“Полициядагилар, шахс билан алоқа узилган муддатдан қатъи назар, аризани қабул қилишга мажбур. Йўқолган мигрантларнинг яқинлари улар Украинага урушга жўнатилганини истисно қилишмаяпти. Бироқ бизга ватандошларимизни Украинага мажбуран жўнатиш билан боғлиқ мурожаат келиб тушмади”, — деб маълум қилишди Тожикистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхонасидагилар.

“Мигрантларнинг йўқолиб қолиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда”

Ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Россияда Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган. Унинг сўзларига кўра, у ҳамкасблари билан биргаликда Тожикистон фуқароларининг ғойиб бўлиш фактларини ўрганмоқда. “Баъзи муҳожирлар ўз ихтиёри билан ёки қандайдир тарзда Украинада жанг қилаётган Россия бўлинмалари сафига қўшилиб қолишмоқда. Россиядаги қурилиш компаниялари ишғол қилинган ҳудудларни, жумладан Мариупол шаҳрини тиклаш учун яна бир гуруҳ муҳожирларни юборди”, – дейди у.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, айрим муҳожирлар ғойиб бўлишининг Украинадаги урушга алоқаси йўқ.

“Кўплаб тожикистонликлар Россияга ишлаш учун келишади ва ҳар ой икки-уч нафар ватандошимиз йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар оламиз. Бироқ сўнгги ойларда муҳожирларнинг бедарак йўқолиб қолиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Улардан баъзилари ярим ой ўтиб, Мариуполда эканликларини маълум қилишди. Йўқолганларнинг 3 нафари Россия армиясида эканлигини аниқладик”, — дея қўшимча қилди Каримжон Ёров.

Яқинларининг ғойиб бўлгани ҳақида аввал хабар берган фуқароларнинг баъзилари уларни топганларини айтишган, бироқ тафсилотларни ошкор қилишмаган. Пенжикент шаҳрида яшовчи Бурхони Саттор 10 октябрь куни ижтимоий тармоқларда 23 ёшли ўғли Баҳром Бурхонзоданинг ғойиб бўлгани ҳақида ёзди. 25 октябрь куни унинг айтишича, тўрт кун олдин ниҳоят ўғли унга қўнғироқ қилган.

“Маълум бўлишича, у мобил телефонини йўқотиб қўйган. Бизга дўстининг мобиль телефонидан қўнғироқ қилди ва Москвада эканлигини айтди”, – дея қўшимча қилди Бурҳони Саттор. Бироқ ўғлининг дўстини телефон рақамини бериш ҳақидаги журналистлар илтимосини рад этиб, мобиль телефонининг экрани синганини баҳона қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёровнинг таъкидлашича, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларини хорижий давлатлардаги жанговар ҳаракатларда қатнашганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирганидан сўнг, мигрантлар аввалгига нисбатан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолган.

“Россия ҳукумати муҳожирларнинг Украина ҳудудида бўлган пайтида мобиль телефонларидан фойдаланишини истамайди. Бундан ташқари, Украинага ихтиёрий равишда урушга кетган ва Россия фуқаролигига эга бўлмаган муҳожирлар бу ҳақда бошқаларга хабар беришдан манфаатдор эмас. Украинадаги урушга Россия армияси сафига мажбуран сафарбар этилганлар, бу ҳақда ўз қариндошлари ва дўстларини ҳар қандай ҳолатда ҳам хабардор қилишга уринмоқда”, – дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Россияда ғойиб бўлган муҳожирлар Тожикистонда топилган ҳолатлар ҳам бўлган. 12 октябрь куни Россияда ғойиб бўлган Матча туманида туғилган 20 ёшли Муҳаммад Дилшодбойзода Тожикистон-Афғонистон чегарасида қўлга олинган. Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, у ГБАОнинг Дарваз вилояти ҳудудида Афғонистонга ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган.

Мазкур маълумотлар “Настоящее время” сайтидан олинган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация