Чет эл фуқаролари учун Россияда қолишнинг уч турдаги режимини жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Булар қисқа муддатли, узоқ муддатли ва доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиш режими. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.
«Қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги шуки, у мигрантга муайян вақт чегарасисиз, узоқ муддат давомида мамлакат ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради. Россияда бўлиш муддати муҳожир мақомининг давомийлиги билан белгиланади. Масалан, талаба учун – бу ўқиш даври, чет эллик ишчи учун – ишлаш даври, давлат дастури иштирокчиси учун – тегишли мақомнинг амал қилиш муддати (5 йил)», — дейди Казакова ТАCC Ахборот агентлигига берган интервюсида.
Унинг аниқлик киритишича, Россияда узоқ вақт қоладиган чет эл фуқаролари учун бир қатор қоидалар ва мажбуриятлар ўрнатилади. Бундай шахс ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши, шунингдек, тиббий суғурта полиси(страховка) нусхасини миграция рўйхатидан ўтган жойидаги Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига тақдим этиши керак. Белгиланган бандлардан бири бажарилмаган тақдирда, чет эл фуқароси Россияда узоқ муддат қолиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Қуйидагилар чет эл фуқароси учун узоқ муддат давомида мамлакат ҳудудида қолиш ҳуқуқини беради:
меҳнат фаолияти;
таълим;
Россия фуқаросининг яқин қариндоши ёки оила аъзоси мақоми;
Россияда меҳнат ёки таълим билан шуғулланадиган чет эл фуқаросининг оила аъзоси мақоми;
фуқаролиги бўлмаган шахсни қабул қилишга тайёр давлатнинг йўқлиги;
шартнома асосида ҳарбий хизмат;
инвестор мақоми;
ватандошларни кўчириш ёки вақтинчалик бошпана ёки ҳимоя билан таъминлаш бўйича давлат дастури иштирокчиси мақоми.
Айни пайтда қонун лойихаси идоралараро даражада келишиш жараёнларидан ўтмоқда.