Мақола

3 566 04/06/2023

Россия Тожикистон фуқароларига босим ўтказиб, расмий Душанбега нимани кўрсатмоқчи?

Охирги уч ҳафта ичида Россиядаги тожикистонлик талабалар ва меҳнат муҳожирларига нисбатан босим кескин кучайган. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари тожикистонлик талабаларни калтакламоқда, муҳожирларни кўчаларда, бозорларда, иш жойларида, масжидлар яқинида кўплаб тутиб кетмоқда.

Муҳожирлар мамлакатда қонуний бўлишларига қарамай, бу воқеаларнинг содир бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

19 май куни Комсомолск-на-Амур шаҳридаги университетнинг 100 дан ортиқ тожикистонлик талабалари Хабаровск ўлкаси хавфсизлик кучлари томонидан калтакланган.

Россия расмийлари талабалар нима учун калтаклангани ва ҳибсга олинганига расман изоҳ бермаган.

“Ҳужжатларни текшириб, қўйиб юборишади”

Тожикистон элчихонаси Митино шаҳрида тожик муҳожирларининг қўлга олиниши ҳақида шундай  қисқача маълумот берди.

Кейинчалик, Россиянинг турли шаҳарларида муҳожирларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳақида бошқа хабарлар пайдо бўлди, уларнинг ҳеч бири бу мамлакат масъуллари томонидан расман изоҳланмаган.

Орадан бир неча кун ўтиб Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьевни вазирликка таклиф қилиб, тожикистонлик талабалар ва муҳожирларга нисбатан ёмон муносабатдан хавотир билдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазири ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил россиялик ҳамкасбларига тожикистонлик талабалар ва муҳожирларнинг оммавий ҳибсга олиниши ва калтакланиши ҳолатларини адолатли ва холис тергов қилишни талаб қилиб, мактуб йўллади.

Бироқ Россия расмийлари Тожикистон расмийларининг ҳеч бир сўровига ҳали расман жавоб бермаган ва воқеаларни изоҳлагани ҳам йўқ.

“Тожикларни Украинадаги урушга ёллаш”

Россиядаги тожик муҳожирлари ҳуқуқлари бўйича адвокат Шуҳрат Қудратовнинг айтишича, Россия ҳукуматининг муҳожирларни “овлаши” сиёсий сабабларга кўра, чунки Москва Тожикистон ҳукуматига босим ўтказмоқчи.

“Яқин кунларда Россияда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бошланади ва унга кўпроқ Марказий Осиё фуқаролари, жумладан, Россия фуқаролиги, вақтинчалик прописка ва доимий пропискага эга бўлган Тожикистон фуқаролари ҳам жалб қилинади. Бу босим Тожикистон Россиянинг тожикларни Украинадаги урушга жалб қилиш бўйича кейинги ҳаракатларига қарши даъво қилмаслиги учун амалга оширилмоқда”, – дейди Қудратов.

Россиядаги мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Каримжон Ёров Қудратов фикрини қўллаб-қувватлайди.

“Тожикистон Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашаётган тожикларни рўйхатга олишни, уларни жазолашини эълон қилганидан кейин калтаклашлар ва ҳибслар бошланди”, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Бу Россия манфаатларига тўғри келмайди, чунки икки давлат ўртасида икки фуқаролик бўйича келишув мавжуд. Тожикистон ўз фуқароларининг урушда иштирок этишидан хавотирда ва бу Россияга ёқмайди”.

Сиёсатшунос, Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази директорининг собиқ биринчи ўринбосари Сайфулло Сафаровнинг фикрича, муҳожирлар ва талабаларни ҳибсга олиш ва калтаклаш ҳолатларининг кўпайиши “Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ичидаги манфаатларга қарши бўлган мамлакатдаги бошқа халқларни Россияга қарши қўйишга ҳаракат қилаётган алоҳида гуруҳларнинг иши”.

У Тожикистоннинг Россия-Украина урушида қатнашган тожикистонликлар рўйхатини тузиш қарори тожик меҳнат муҳожирларининг ҳибсга олиниши ва таъқиблар кўпайишига олиб келганига ишонмайди.

Хитой билан яқинлик оқибати?

Шуҳрат Қудратовга кўра, Россиядаги “тожикларга қарши кампания”нинг яна бир сабаби Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Марказий Осиё давлатларининг бошқа раҳбарлари қатори Хитойга ташрифи бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Марказий Осиёни ўз манфаатлари доирасида кўраётган Россия сўнгги йилларда ўз таъсирини йўқотаётганини ҳис қилмоқда ва бундан хавотирда.

“Ҳозир минтақа давлатлари Хитой билан муносабатларни янада мустаҳкамламоқда. Шу нуқтаи назардан, Россия ўз мамлакатидаги тожикларга босим ўтказиш орқали минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистонни Хитойга яқинлик нохуш оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқчи”, — дейди у.

Сайфулло Сафаров бу фикрга қўшилмайди, унинг айтишича, Тожикистон президенти “G5+1 форматидаги учрашув тарафдори эмас”.

“Тожикистон президенти Хитойга давлат ташрифи билан келди ва ташриф доирасида ушбу саммитда иштирок этди. Бу ердан руслар тушуниши керакки, одам меҳмон бўлиб, юқори савиядаги тадбирга таклиф қилинса, у рад эта олмайди”, — деди Сафаров.

Сиёсатшуносга кўра, агар Тожикистон ва Хитой ўртасидаги яқинлашиш тожик муҳожирларига босим ўтказса, бу, албатта, бошқа Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирларига ҳам таъсир кўрсатиши керак эди, чунки уларнинг раҳбарлари ҳам Имомали Раҳмон билан Хитойга борган.

Энг биринчи “ричаг”

Ўнлаб йиллар давомида меҳнат муҳожирлари Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Тожикистонга сиёсий мақсадларга эришиш учун асосий босим воситаси бўлиб келган ва бу Россия биринчи марта бундай “ричаг”дан фойдаланаётгани йўқ.

Энг ёрқин мисол 2011 йилда россиялик учувчининг озод қилиниши эди. Ўша йили Тожикистон икки учувчи – Россия ва Эстония фуқаросини ҳибсга олиб, уларни контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва халқаро парвоз стандартларини бузганликда айблаган эди.

Учувчилар ҳибсга олингани эълон қилингач, Россия ҳукумати Тожикистон фуқароларини оммавий ҳибсга олиш ва депортация қилишни бошлади. Ана шундай босим остида тожик расмийлари айбланаётган учувчиларни қўйиб юборишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, яъни мақсадига эришгандан кейингина Россия муҳожирларга нисбатан босимни пасайтирди.

Бу гал Россия қандай мақсадларни кўзлаётгани, тожик талабалари ва меҳнат муҳожирларини оммавий калтаклаш ва ҳибсга олишларни қачон тўхтатишини ҳозирча ошкор қилмаган. Бироқ, бу босимнинг ўзига хос сабаби борлиги аниқ, вақт ўтиши билан бу Россия ҳаракатларида намоён бўлади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация