Мақола

1 087 15/09/2023

Москвада кассация суди тожикистонлик муҳожирларнинг 5 ёшли қизи Ҳувайдо Тиллозодани зўрлаш ва ўлдиришда айбдор деб топилган Александр Сёминга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан берилган кассация шикояти важларини ишончли деб топди ва уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

13 сентябрь куни Александр Сёмин 2018 йилнинг июль ойида 5 ёшли Ҳувайдо Тиллозодани зўрлаш ва ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

У аввалроқ 24 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ жабрланувчининг яқинлари талабидан сўнг жазо бекор қилинган ва оғирроқ жазога ўзгартирилган. Бир умрлик қамоқ жазоси чиқарилгандан кейин маҳкум норозилик билдирган.

Суд Сёминнинг психиатрия клиникасида эканлиги сабабли кечиктирилган, бироқ кейинчалик судда қатнашиши мумкин деб топилган эди.

5 ёшли Ҳувайдо Тиллозода 2018 йилнинг 22 июл куни Москва яқинидаги Серпуховдаги уйлардан бирининг ҳовлисидан ўғирлаб кетилган. Оила ва кўнгиллилар болани деярли бир кун қидиришди, бироқ уни топишганда, кеч бўлган эди. Ўлган бола темир йўл вокзали яқинида спорт сумкасида топилган. Суд-тиббиёт экспертизаси қиз зўрланганини, кейин эса пичоқ билан ўлдирилганини кўрсатди.

Серпуховда Тожикистондан келган муҳожирлар оиласи билан қўшни яшаган Александр Сёмин қотилликда айбланиб ҳибсга олинган.

Ҳувайдо Тиллозоданинг ўлдирилиши сўнгги йиллардаги энг шов-шувли ишлардан бирига айланди. Бу фожиа тожикистонликлар ва Россия жамиятини ларзага солди, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига нота йўллаб, адолатли тергов ўтказишга чақирган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация