Мақола

1 032 24/05/2023

Россияда йўл лойиҳаларини ишга тушириш туфайли қурувчилар ва муҳандисларга талаб сезиларли даражада ошди.

Россияда йўллар қурилиши учун бюджет маблағларининг фаол ўзлаштирилиши қурувчилар, муҳандислар ва ишчиларга талабни кескин оширди, деб ёзади “Коммерсант” “Авито Работа” маълумотларига таяниб.

2023 йил апрел ойида Россия компаниялари қурилиш ишчилари учун 2022 йилга нисбатан 2,8 баравар кўп бўш иш ўринларини жойлаштирди. Йўлчилар ва муҳандисларга 2,2 марта, булдозер ҳайдовчиларига 2,4 баробар кўп талаб бўлган. Трактор ҳайдовчиларига талаб қарийб икки баробар ортиб, 86 фоизга етган.

Шимоли-ғарбий федерал округ бўйича “Бизнес Россия” координатори Дмитрий Панов бундай динамика йирик йўл лойиҳаларини ишга тушириш билан боғлиқлигини таъкидлайди. «Авито Работа» компаниясининг ривожланиш бўйича директори Дмитрий Пучковнинг сўзларига кўра, давлат бу лойиҳаларга 2023-2027 йилларда 13,2 триллион рубл ажратишни режалаштирмоқда.

Ишчи кучига энг кўп талаб Қозон ва Уфада қайд этилган. Асосий инфратузилма, хусусан, Қозон-Екатеринбург автомобил йўли ва М-12 «Москва-Нижний Новгород-Қозон» йўлини модернизация қилиш ва кенгайтириш режалари сабаб тўрт баравар кўп бўш иш ўринлари пайдо бўлган.

Sherpa Group  раҳбари Александра Галактионованинг сўзларига кўра, йилнинг дастлабки уч ойида “Хавфсиз юқори сифатли йўллар” миллий лойиҳаси доирасида 57,3 миллиард рубл ўзлаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан учдан бир баробар кўпдир.

Бироқ экспертлар бўш иш ўринлари сонининг кўпайиши нафақат иш ўринлари яратилиши, балки кадрлар етишмовчилиги билан ҳам изоҳланаётганини таъкидламоқда. Қурилиш соҳасида бир неча йиллардан буён малакали ишчилар етишмаслиги кузатилмоқда, бироқ аввал соҳадан чиқиб кетиш иш ҳақининг пастлиги билан боғлиқ бўлса, 2022 йилдан бошлаб қисман сафарбарлик қўшимча омилга айланди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ҳозирда маош таклифларининг ошиши ҳам компанияларга етарлича ходимларни ишга олишга имкон бермаяпти.

Май ойида интеллектуал соҳа ходимлари орасида ўтказилган сўровномада россияликларнинг учдан бир қисми кутилмаган вазиятларда, масалан, ишдан бўшатиш, қисқартириш ёки иқтисодий инқироз юзага келган тақдирда жисмоний ишларга ўтишга тайёр эканликларини айтишган. Респондентларнинг 15 фоизи  офисни сўзсиз тарк этиб заводга ўтишга рози, 23 фоизи ишга жойлашиш кафолати шарти билан. Шу билан бирга, респондентларнинг ярмидан кўпи ишчи мутахассислиги уларни бошқа касбдагиларга қараганда иқтисодий инқирозлардан кўпроқ ҳимоя қилишини тан олган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация