Мақола

2 122 19/06/2023

Юрист Валентина Чупик Россияда меҳнат мигрантлари алдов йўли билан фронтга юборилаётгани ҳақида Вот Так телеканалига берган интервюсида 10 кун ичида келган 3 та ҳолат ҳақида гапирди.

Россияда мигрантларга бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи юрист Валентина Чупик Россия расмийлари меҳнат мигрантларини урушга юбориш учун қандай алдаётгани ҳақида гапириб берди.

«Барча ҳолатлар ўхшаш: мигрантлар турли сабабларга кўра ҳибсга олинади, бунда Россияда қонуний равишда бўлиш-бўлмаслигингиз муҳим эмас. Уларни полиция бўлимига олиб кетишади, кейин депортация ёки зўравонлик билан қўрқитишади, натижада улар тушунарсиз қоғозларга имзо чекишга мажбур бўлади. Шу билан бирга, полиция тилни билмаслик, шахснинг ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланади. Айрим ҳолларда қўлга олинганлар тегишли ҳужжатларга имзо чекса, озодликка чиқарилиши ваъда қилиниб, алданади», деди Чупик.

Юрист сўзларига кўра, ҳужжатларга имзо чеккан мигрантлар дарҳол ҳарбий базага юборилмоқда.

«Мигрантлар агар ушбу ҳужжатларни имзолаган бўлса, ҳарбий базага олиб борадиган бошқа транспортга ўтқазилади. У ердан фронтга жўнатишади. Бу Россия Мудофаа вазирлиги ёки хусусий ҳарбий ташкилотнинг базаси бўлиши мумкин», деди у.

Мигрантлар бу вазиятдан қандай чиқиши мумкин, деган саволга жавоб берар экан, Чупик бу борада уларга фақат мамлакат элчихонаси ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

«Тожикистон элчихонаси доимий равишда бундай ҳолатларга муносабат билдиради. Ўзбекистон элчихонаси камроқ бўлса-да, ўз фуқароларига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Аммо, Қирғизистон элчихонаси барча мурожаатларни эътиборсиз қолдирмоқда», деди Чупик.

Маълумот ўрнида: бундан олдин ҳам Чупик МедиаҲуб га худди шунга ўхшаш интервю берган, у ерда Қизғизистоннинг Москвадаги элчихонасини “ёвуз” деб атаб, қаттиқроқ гапирган эди. Чунки, унинг сўзларига кўра, Қизғизистон Республикаси фуқароларини урушга жалб қилиш ҳолатларига муносабат билдириш ўрнига, элчихона қирғиз халқини Россия қонунчилигини бузмасликка чақирган мурожаат билан чиққан холос.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация